Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон-Туркманистон: яқин қўшнилар ва ишончли ҳамкорлар
2022-07-14 | Сиёсат
Президент Шавкат Мирзиёев таклифига биноан Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедовнинг 14-15 июль кунлари Ўзбекистонга давлат ташрифи бўлиб ўтади.
Ўзбекистон-Туркманистон саммити яхши қўшничилик сиёсати давомийлигини ифода этиши ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлаш тимсолига айланиши, икки томонлама муносабатлар тарихида янги саҳифа очиши, шунингдек, Марказий Осиё минтақасида барқарор ривожланишга эришиш жараёнига муҳим ҳисса бўлиб қўшилиши кутилмоқда.
Ўзбекистон ва Туркманистон минтақадаги яқин қўшнилар ва вақт синовидан ўтган ҳамкорлар сифатида мустақилликнинг дастлабки кунлариданоқ ўзаро ҳамкорликни фаоллаштириш, яхши қўшничилик, ўзаро ҳурмат ва тенг ҳуқуқлилик тамойилларига асосланган самарали сиёсий мулоқотни йўлга қўйиш йўлини танлаган.
Туркманистон Ўзбекистоннинг Марказий Осиёда ўзаро манфаатли ҳамкорлик ҳудудини яратиш, минтақанинг халқаро майдондаги роли ва аҳамиятини оширишга қаратилган замонавий очиқ, конструктив ташқи сиёсатини ҳар томонлама қўллаб-қувватламоқда. Минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик масалалар бўйича томонларнинг қарашлари ва позициялари мос келади ёки ўхшашдир.
Икки давлат раҳбарларининг сиёсий иродаси туфайли сўнгги йилларда давлатлараро муносабатлар сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилди. Шу йил март ойида сайланган Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов қардош мамлакатларимиз ва халқларимиз ўртасида ўрнатилган сиёсий мулоқот ва стратегик шерикликка асосланган самимий дўстлик ришталарини қўллаб-қувватламоқда ва давом эттирмоқда.
Жорий йил январь ойида Сердар Бердимуҳамедов Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси раиси ўринбосари сифатида амалий ташриф билан Тошкентда бўлган чоғида Шавкат Мирзиёевга Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг барча йўналишларда жадал ривожланаётган Туркманистон-Ўзбекистон алоқаларига юксак баҳо берилган мактубини топширганди.
2017 йил икки давлат ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантиришда тарихий йил бўлди. Ўзбекистон Президенти Туркманистон уч марта сафар қилди, жумладан, 6-7 март кунлари давлат ташрифи билан бўлди. Бу мамлакатимиз раҳбарининг олий давлат лавозимига сайланганидан кейинги биринчи расмий хорижий сафари эди. Ушбу чуқур рамзий қадам икки томонлама алоқаларни янги босқичга олиб чиқди, уларга изчиллик ва кенг қамровли тус берди.
Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг 2021 йил 4-5 октябрь кунлари Тошкентга мамлакатимизда бўлиб ўтадиган Президент сайлови арафасида амалга оширган расмий ташрифи ҳам муҳим воқеа бўлди. Тошкентдаги музокаралар давлат раҳбарлари, мамлакатларимиз ва халқларимизнинг ўзаро қўллаб-қувватлаши, бирдамлиги ва ҳамжиҳатлигининг яна бир тасдиғи бўлдики, бу бугунги кунда дунёда рўй бераётган воқеалар шароитида алоҳида аҳамият касб этмоқда.
Сўнгги олти йил давомида икки давлат раҳбарларининг 20 дан ортиқ онлайн ва юзма-юз учрашувлари бўлиб ўтганини ҳам алоҳида таъкидлаш жоиз. Ўзбекистон ва Туркманистон етакчиларининг расмий ва давлат ташрифларидан ташқари халқаро ва минтақавий майдонларда ҳам учрашувлари бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувлари алоҳида аҳамиятга эга.
Юқори даражадаги ўзаро ҳамкорлик ҳам фаоллашди – парламентлараро ва вазирликлараро муносабатлар изчил ривожланмоқда. Бу алоқалар ҳам икки томонлама, ҳам кўп томонлама шаклларда жадаллашмоқда.
Бугунги кунда 270 та икки томонлама, жумладан, 116 та давлатлараро ва ҳукуматлараро, 97 та идоралараро ва 57 та бошқа ҳужжатлардан иборат бўлган ҳуқуқий база мустаҳкамланмоқда.
Туркманистон Ўзбекистоннинг муҳим савдо шерикларидан биридир. 2021 йил якунлари бўйича ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 902 миллион долларни ташкил этди, бу ўтган даврга нисбатан 64 фоизга кўп демакдир. Жорий йилнинг январь-май ойларида ушбу кўрсаткич 322,6 миллион долларга етди.
1996 йилдан буён Савдо-иқтисодий, илмий-техникавий ва маданий ҳамкорлик бўйича қўшма комиссия фаолият кўрсатиб, унинг доирасида 16 та йиғилиш ўтказилди. 2020 йил 7 октябрь куни Ўзбекистон-Туркманистон ишбилармонлар кенгашининг биринчи мажлиси онлайн шаклда уюштирилди.
Турли даражадаги самарали учрашувлар мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликка янги суръат бағишлаб, уни амалий мазмун билан тўлдирмоқда. 2018 йил март ойида Ашхободда Ўзбекистон Миллий саноат кўргазмаси муваффақиятли ташкил этилди. Ўша йилнинг апрель ойида Тошкентда Туркманистон миллий кўргазмаси ва икки давлат ишбилармон доираларининг бизнес-форуми бўлиб ўтди. Мазкур тадбирлар ҳамкорлик алоқаларини ривожлантиришдан ўзаро манфаатдорлик, савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликни кенгайтириш учун катта салоҳият мавжудлигини кўрсатди.
Икки давлат ҳудудларининг алоқалари ўзаро ҳамкорликнинг муҳим йўналиши ҳисобланади. Томонлар Бухоро ва Лебап вилоятлари ҳокимликлари, шунингдек, Хоразм ва Тошҳовуз вилоятлари ҳокимликлари ўртасида делегациялар алмашинувини олқишлайди.
Ўзбекистон-Туркманистон саммити арафасида Бухоро шаҳрида биринчи Ҳудудлараро форум самарали ўтди, унинг доирасида B2G ва B2B шаклларидаги манзилли учрашувлар ташкил этилди, икки томонлама ҳужжатларни имзолаш маросими уюштирилди. Анжуман якунида умумий қиймати 451 миллион доллар бўлган инвестициявий ва савдо битимлари тасдиқланди.
Шу ернинг ўзида Ишбилармонлар кенгашининг иккинчи йиғилиши ва қўшни мамлакатлар етакчи корхоналари маҳсулотларининг кўргазмаси бўлиб ўтди. Мазкур тадбирлар томонлар ўзаро савдо-иқтисодий ва кооперация алоқаларини ривожлантиришдан манфаатдор эканини кўрсатди.
Икки давлат минтақадаги йирик энергетика лойиҳаларини амалга оширишда фаол иштирок этмоқда. Транспорт соҳаси ҳам ҳамкорликнинг устувор йўналишларидан биридир. Мамлакатларимизнинг ўзаро интеграциялашган автомобиль ва темир йўллари учинчи томонлар учун ҳам транзит вазифасини бажаради. Ўзбекистон Президентининг 2017 йил март ойида Туркманистонга давлат ташрифи чоғида тантанали очилиш маросими бўлиб ўтган Амударё устида қурилган “Туркманобод – Фароб” автомобиль ва темир йўл кўприклари бунинг далилидир.
Ҳамкорликда минтақавий хавфсизликни мустаҳкамлаш масалалари алоҳида ўрин тутади. Ўзбекистон ва Туркманистон Марказий Осиёда тинчлик ва барқарор тараққиётни таъминлашнинг самарали механизмларини яратиш тарафдори.
Бу, айниқса, Афғонистон муаммосига муносабатда яққол кўзга ташланади. Ўзбекистон ва Туркманистон Афғонистоннинг яқин қўшнилари сифатида ушбу мамлакатда темир йўл ва кўприклар қуриш, муҳим инфратузилма объектларини тиклаш, электр энергияси ва бошқа маҳсулотларни етказиб бериш бўйича қатор лойиҳаларни амалга оширмоқда ва шу орқали Афғонистон заминида тинчлик ва осойишталик ўрнатишга салмоқли ҳисса қўшмоқда.
Ўзбек ва туркманларни боғлаб турган умумий тарих, маданият ва урф-одатларнинг ўхшашлиги халқларимизнинг умумий меросидир. Бу яқинлик маданий-гуманитар ҳамкорликни ривожлантириш учун мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилмоқда.
2017 йил май ойида ўзбек ва туркман халқларининг азалий дўстлиги ва қардошлиги белгиси сифатида Тошкент шаҳридаги кўчалардан бирига буюк туркман шоири Маҳтумқули Фраги номи берилди ва унинг шарафига монумент очилди. Туркманистон Президентининг Ўзбекистонга ташрифи муносабати билан Махтумқули кўчасида “Ашхобод” боғи ташкил этилди. Ўз навбатида, Туркманистон пойтахти Ашхобод шаҳрида Алишер Навоий шарафига ёдгорлик ўрнатилиб, халқларимиз яқинлиги ва ҳамжиҳатлиги тимсолига айланган “Тошкент” боғи барпо этилмоқда.
Ўзбекистон ва Туркманистон вакиллари икки давлат ҳудудларида ўтказилаётган турли маданий тадбирлар, концертлар, фестиваль ва танловлар, спорт мусобақаларида фаол иштирок этмоқда.
2017 йил сентябрь ойида Ўзбекистон спорт делегацияси Ашхобод шаҳрида уюштирилган Ёпиқ иншоотларда ва жанг санъатлари бўйича V Осиё ўйинларида иштирок этди. Ўша йил ноябрь ойида Туркманистонда Ўзбекистон маданияти кунлари бўлиб ўтди. Мазкур тадбир доирасида санъат асарлари кўргазмаси, Ўзбекистон санъат усталари ва маданият арбобларининг концерти намойиш этилди.
Ўзбекистондаги туркман диаспораси 200 мингга яқин кишини ташкил қилади. Уларнинг тили, маданияти, урф-одатларини асраб-авайлаш ва ривожлантириш учун барча шароит яратилган. Хусусан, Ўзбекистонда таълим туркман тилида олиб бориладиган 44 та мактаб фаолият кўрсатмоқда. Қорақалпоқ давлат университетида туркман филологияси мутахассислари, Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида туркман тили ўқитувчилари тайёрланмоқда.
Ўзбекистон телевидениесининг марказий “Ёшлар” телеканали ва Қорақалпоғистондаги “Дияр” радиоканалида туркман тилида кўрсатув ва эшиттиришлар эфирга узатилмоқда. Қорақалпоғистондаги Туркман маданият маркази туркман тилида “Мекан” газетасини чоп этади.
Маданий алмашинувлар ва халқларимиз ўртасидаги дўстлик муносабатлари ўзаро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга хизмат қилади. Шу боис, мамлакатларимиз ўз ҳудудида истиқомат қилаётган қардош миллат вакилларининг она тили, маданияти, анъана ва урф-одатларини ривожлантириш учун қулай шарт-шароитларни яратишда давом этади, мумтоз адабиёт намоёндалари ва замонавий муаллифлар асарларини ўзаро таржима қилишни қўллаб-қувватлайди, бир давлатнинг қўшни мамлакат ҳудудида бўлиб турган фуқароларининг қонуний ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш чораларини кўради.
Тўлиқ ишонч билан айтиш мумкинки, Туркманистон раҳбарининг 14 июль куни Ўзбекистонга бошланаётган давлат ташрифи ва унинг самарали натижалари ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантиришга кучли суръат бағишлайди, олий даражадаги Ўзбекистон-Туркманистон учрашуви чоғида имзоланган ҳужжатлар эса мамлакатларимиз ва халқларимиз ўртасидаги кўп қиррали, анъанавий дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Манба: “Дунё” ахборот агентлиги