Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Аэробиология ва молекуляр аллергологияга бағишланган халқаро семинар ўз ишини бошлади
2022-07-14 | Жамият
Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Халқаро молекуляр аллергология маркази томонидан ташкил этилган «Аэробиология ва молекуляр аллергология» мавзусида халқаро семинар ўз ишини бошлади.
Халқаро молекуляр аллергология маркази Вена тиббиёт университети билан ҳамкорликда Италиянинг Lanzoni s.r.l. компанияси томонидан олиб келинган замонавий сўнгги авлод VPPS 2010 гул чанги қопқонлари Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри, Самарқанд, Жиззах, Бухоро, Навоий, Наманган ва Хоразм вилоятларида ўрнатилган бўлиб, семинарда мазкур ускуналардан фойдаланиш, улардан олинган маълумотларни таҳлил қилиш бўйича маърузалар ўқиш, амалий кўникмалар бериш ва тажриба алмашиш кўзда тутилган. Ўз навбатида, Белоруссия ҳамда Қирғизистон мамлакатларининг мутахассислари билан ҳамкорликда ишлар олиб борилмоқда.
Тадбирда биология фанлари доктори, профессор, Белоруссия тиббиёт университети фармацевтика факультети декани, тажрибали ўқитувчи, таниқли олим, ўсимликлар ва уларнинг поленларининг аллерген хусусиятларини ўрганиш, Полен календарларини яратиш, минтақавий аллергенларни ишлаб чиқиш ва беморларни гипосенситизация қилиш схемалари бўйича тадқиқот ишлари олиб борган олима Наталья Сергеевна Гурина, биология фанлари номзоди, «Аллерготоп» лойиҳасининг илмий директори, етакчи рус палинологи, пален ва ўсимлик споралари бўйича мутахассис, замонавий маҳаллий аэробиологиянинг келиб чиқишини ўрганган олима Елена Эрестовна Северова, тиббиёт фанлари номзоди, аллергология, иммунология ва касбий патология курси доценти Беларус Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг бош эркин аллергологи ва касбий патологи, Беларус аллергологлари ва иммунологлари жамияти котиби Татьяна Василевна Барановская, биология фанлари номзоди, Иссиқкўл давлат университети атроф-муҳитни муҳофаза қилиш кафедраси доценти Осмонбаева Кымбат Бейшеновна ўз маърузалари билан иштирок этдилар.
Ҳамдўстлик мамлакатларида оториноларингологияни ривожлантириш бўйича етакчи мутахассислар аллергия сабабларини аниқлаш, даволаш ва олдини олиш имкониятлари ҳақида замонавий билимлар билан ўртоқлашиб, тажриба алмашдилар. Молекуляр аллергология диагностикаси асослари бўйича маърузалар нафақат шифокорлар, балки биологлар учун ҳам қизиқарли бўлди. Амалий машғулотлар давомида Халқаро молекуляр аллергология томонидан аллерген ўсимликларни гул чанги миқдорини аниқлаш бўйича олиб борилган мониторинг календарини юритиш ҳақида маълумотлар берилди.
Семинар 17 июлга қадар давом этади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш агентлиги