Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Евросиё иқтисодий комиссияси билан ўзаро ҳамкорлик масалалари кўриб чиқилди
2022-07-13 | Иқтисодиёт
Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзаков Евросиё иқтисодий комиссияси (ЕИК) Ҳайати раиси Михаил Мясникович бошчилигидаги ЕИК делегациясини қабул қилди.
Учрашув чоғида Ўзбекистоннинг кузатувчи давлат мақомида ЕИК билан ўзаро ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди. Томонлар ўзаро манфаатли иқтисодий ҳамкорлик, тенгҳуқуқлилик ва миллий манфаатлар ҳисобга олиниши тамойилларига, шунингдек, Ўзбекистоннинг ЕИК мамлакатлари билан инвестициявий, савдо-иқтисодий, транспорт ва логистика соҳаларида янада яқин ҳамкорлик қилиши учун қўшимча имкониятлар яратиш бўйича қўшма чора-тадбирларни амалга оширишга ўзаро содиқлигини таъкидладилар.
Муҳокама якунлари бўйича томонлар Ўзбекистон Республикаси ҳукумати ва ЕИКнинг 2021-2023 йилларга мўлжалланган амалдаги Қўшма тадбирлар режасига Ҳамкорликнинг қўшимча йўналишлари рўйхатини имзоладилар. Унда мамлакатнинг тегишли вазирлик ва идораларининг ЕИКнинг тегишли бўлинмалари билан савдо, саноат, божхона ва солиқ маъмуриятчилиги, техник жиҳатдан тартибга солиш, санитария ва фитосанитария стандартлари, энергетика, фармацевтика, меҳнат миграцияси ва бошқа соҳаларда ўзаро ҳамкорлик қилиш чора-тадбирлари кўзда тутилган.
Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги