Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Халқаро IT-сертификатларни олган ёшларга харажатларнинг ярми қайтариб берилади
2022-07-08 | Технологиялар
Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида IT-Park бўлим бошлиғи Жамила Халибаева иштирокида брифинг ўтказилди.
Қайд этилишича, Халқаро IT-сертификатларини олишда рағбатлантириш тизими IT-Park ва Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан ҳамкорликда ишга туширилди.
Дастур билан IT-мутахассисларига халқаро сертификат олишга сарфланадиган маблағнинг 50 фоизигача компенсация олиш имкони берилади. Компенсация пулини халқаро IT-сертификатларини олган 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган Ўзбекистон фуқаролари қўлга киритиши мумкин. Компенсация олиш учун аризалар онлайн тарзда my.gov.uz портали орқали юборилади. Компенсация олиш учун сертификат олгандан сўнг 180 кундан кечиктирмаслик лозим.
Маълумот ўрнида, аризага ўқиш ва халқаро сертификат олиш учун харажатлар квитанцияси илова қилинади. Ариза берувчи 16 ёшга тўлмаган бўлса, аризани тўлдиришда ота-она/васийларнинг маълумотларини кўрсатиш лозим. Агар ариза берувчининг сўровномадаги реквизитлари ва унга илова қилинган ҳужжатлар белгиланган талабларга жавоб берса, компенсация ариза тўлдирилган кундан бошлаб 17 иш куни ичида амалга оширилади.
Компенсация бериладиган халқаро IT-сертификатларининг тўлиқ рўйхати it-istedod.uz сайтида жойлаштирилган. Компенсация миқдорини ҳисоблаш олинган сертификат IТ-мутахассислик даражасига боғлиқ. Хусусан, бошланғич даражаси сертификатлари учун 30 фоиз ўртача даража учун 40 фоиз ва юқори даражадаги IТ-мутахассислик сертификатига 50 фоиз компенсация тўлаб берилади.
Масалан, Cisco компаниясидан CyberOps профессионал курсининг нархи 3000 доллардан 6000 долларгача бўлади. Шундай қилиб, курсни муваффақиятли тамомлаган ёшлар 3000 долларгача компенсация пулини олиш имкониятига эга. Ушбу халқаро IТ-сертификатларни олиш учун онлайн ва оффлайн тарзда курсларни битириш мумкин.
Онлайн курсларни HUAWEI, Coursera, Skillbox, Geekbrains каби платформаларда, офлайн таълимни эса IТ-Park Тошкент филиалида ҳамда пойтахтда жойлашган бир қатор хусусий ўқув марказларида олиш мумкин.
Ш. Маматуропова
Манба: ЎзА