Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
«Бўлажак олим» танлови ҳамда «Академик ҳаракатчанлик» дастури доирасида ғолиб бўлган ёшлар тақдирланди
2022-07-08 | Жамият
Инновацион ривожланиш вазирлигида Ёшлар академияси аъзоларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Тадбирда умумий қиймати 12 млрд. сўмга тенг бўлган 23 нафар стартап лойиҳа раҳбарлари, 3.2 млрд. сўмга тенг бўлган 7 нафар илмий лойиҳа раҳбарлари ҳамда 10 нафар Академик ҳаракатчанлик дастурида доираси ғолиб бўлганларга сертификатлар топширилди.
Тадбирни инновацион ривожланиш вазири ўринбосари Шаҳло Турдиқулова очиб берди.
– Бугунги кунда ёшларимиз жуда кўп яхши ғоялар, лойиҳаларни амалга оширмоқдалар Айниқса, вилоятлардаги ёшларнинг иштиёқи жуда баланд, – деди вазир ўринбосари. – Улар таклиф қилаётган стартаплар, лойиҳалар, ташаббуслар ҳаммаси давлатимизни ривожланишига ҳисса қўшишга қаратилган. Ёшларни қўллаб-қувватлаш орқалигина юртимиз фаровонлигига эришишимиз мумкин.
Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Ёшлар академияси 2019 йилда ташкил этилган бўлиб, шу давр ичида ташкилот томонидан ёшларни қўллаб-қувватлаш, иқтидорли аниқлаш ва муносиб тақдирлаш, уларинг таклифларини ўрганиб, тўғри йўналтириш борасида кўплаб ишлар амалга оширилди. Ҳозирги кунда 3600 нафардан ортиқ инновацион лойиҳалар ва ғояларга эга иқтидорли ёшлар ва талабалар, 40 ёшгача бўлган олимлар ва тадбиркорларнинг маълумотлар базаси шакллантирилди.
Ёшлар академияси аъзоларини қўллаб-қувватлаш бўйича турли танловлар, мусобақалар, шунингдек форумлар, конференциялар ва маҳорат дарслари ташкил этиб келинмоқда.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш агентлиги