Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Брюсселда Ўзбекистон-Европа Иттифоқи Ҳамкорлик қўмитасининг 18-йиғилиши бўлиб ўтди
2022-07-07 | Иқтисодиёт
Брюссель шаҳрида Ўзбекистон-Европа Иттифоқи Ҳамкорлик қўмитасининг 18-йиғилиши бўлиб ўтди. Европа делегациясига Европа ташқи ҳаракатлар хизмати (ЕТҲХ)нинг Шарқий Европа ва Марказий Осиё бўйича бошқарувчи директорининг ўринбосари Люк Девин бошчилик қилди, Ўзбекистон томонидан эса тадбирда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг биринчи ўринбосари Л. Кудратов иштирок этди.
Тадбир давомида икки томонлама муносабатларнинг бугунги ҳолати ва уларни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди, минтақавий ва халқаро ҳамкорликнинг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Европа томони Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасида Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим матни бўйича музокаралар жараёни якунлангани ва ҳужжат келишиганини олқишлади. Битимнинг парафирланаётган лойиҳаси ҳамкорликда олиб борилган астойидил саъй-ҳаракатларининг меваси эканлиги таъкидланди. Ҳужжат Ўзбекистон ва ЕИ муносабатларида мутлақо янги саҳифани очишга замин яратди.
Яқин ва узоқ истиқболга мўлжалланган ҳамкорлик режалари атрофлича муҳокама қилинди. Жумладан, жорий йилда Самарқанд шаҳрида “Европа Иттифоқи – Марказий Осиё” форматидаги ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш бўйича Вазирлар учрашуви ва халқаро конференция ўтказилиши режалаштирилган. Томонлар, шунингдек, Брюсселда “Ўзбекистон – ЕИ” ҳамкорлик Кенгашининг навбатдаги йиғилишини ташкил қилиш муддатларини яқин вақт ичида белгилашга келишдилар.
Ўзбекистонга “GSP+” Преференциялар бош тизимининг бенефициари мақоми берилганлиги мамлакатимиз ва ЕИ ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни диверсификация қилиш ва ривожлантиришга салмоқли ҳисса қўшаётгани қайд этилди. 2024 йилдан бошлаб Европа комиссияси “GSP+” тизимига қўйиладиган талабларни мустаҳкамлаш ва уни Ўзбекистон томонидан аллақачон ратификация қилинган 6 та янги халқаро конвенция билан тўлдиришни режалаштираётгани таъкидланди.
Европа томони 2021-2024 йилларга мўлжалланган 83 миллион евро миқдоридаги Молиявий ва техник ёрдам кўрсатишнинг индикатив дастурини иложи борича тезроқ амалга оширишни бошлаш ниятида эканлигини билдирди. Дастур самарали давлат бошқаруви ва рақамли трансформация, “яшил” ривожланиш, инклюзив ўсиш, “ақлли”, экологик тоза агросаноат ва озиқ-овқат секторини ривожлантириш, қишлоқ жойларининг фаровонлигини юксалтириш каби йўналишларни ўз ичига олади.
Йиғилиш кун тартибидаги бошқа масалалар ҳам муҳокама қилинди. Хусусан, Ўзбекистонда инвестициявий муҳитни яхшилаш ва мамлакатда ишбилармонлик учун яратилган шарт-шароитларни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ижобий баҳоланди. Мамлакат томонидан Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар қўллаб-қувватланиши билдирилди.
Музокаралар якунида Европа комиссиясининг 2027 йилгача бўлган дастурий цикли доирасида қўшма ташаббусларни муваффақиятли ҳаётга татбиқ этилишини жадаллаштириш мақсадида ҳамкорликда иш олиб боришга келишилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги