Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ботир Зарипов: “Маҳалла раислари ҳудуддаги ижтимоий долзарб муаммолар ечимига эътибор қаратиши зарур”
2022-07-05 | Жамият
Бухоро давлат университетида Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳамда вилоят ҳокимлиги ҳамкорлигида жорий йилнинг май ойида вилоятда янгидан сайланган маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари учун ўқув-амалий семинар-тренинг ташкил этилди.
Семинарнинг дастлабки куни янгидан сайланган маҳалла раислари вилоят ҳокими Ботир Зарипов билан учрашди. Мулоқотда вилоят раҳбари ҳар бир ўзини ўзи бошқариш органи мутасаддисини бу эътироф билан самимий муборакбод этди.
Ҳудудга бириктирилган ҳоким ёрдамчиси, хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосар, шунингдек, ёшлар етакчиси ҳамда ички ишлар профилактика инспектори, қолаверса, маҳалла фаоллари, кайвони ҳамда вакиллар билан яқин ҳамкорликда ҳудудда бўй кўрсатаётган ижтимоий долзарб муаммолар ечимига эътибор қаратишлари зарурлигини таъкидлади. Бунда маҳаллаларнинг молиявий имкониятларини кенгайтириш орқали аҳоли муаммоларини ҳал этиш, маҳалла раислари томонидан ижтимоий муҳофазага муҳтож, кам таъминланган, ногирон, боқувчисини йўқотган оилаларни моддий қўллаб-қувватлаш, хусусан, “Темир дафтар”, “Ёшлар дафтари”, “Аёллар дафтари” ва “Меҳр дафтари” орқали мавжуд муаммоларни тизимли ҳал этиш зарурлиги эътироф қилинди.
Қолаверса, “Обод маҳалла” ҳамда “Обод қишлоқ” давлат дастурлари ижроси бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли ишларда ташаббускор бўлиш, ҳудуд муҳандислик-коммуникация тармоқларига доир белгиланган чора-тадбирларни сифатли ва ўз вақтида бажарилишида жонбозлик кўрсатиш маҳалла раисларининг бевосита зиммасидаги масъулият экани қайд қилинди.
Бундан ташқари, маҳалла раисининг ҳудудда ижтимоий-маънавий муҳитни барқарорлаштириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликни таъминлаш, шунингдек, ҳудудга бириктирилган сектор раҳбари даражасидаги муаммоларга доир амалга ошириши лозим бўлган миссияси ҳам салмоқли экани алоҳида таъкидланди. Самимий ва очиқ мунозара тарзида кечган мулоқотда вилоят раҳбари томонидан маҳалла раисларига зарур тавсиялар берилди.
Ўз навбатида, Бухоро шаҳридаги “Шайх ул олам” МФЙ раиси Моҳира Тошева, Бухоро туманидаги “Ойбек” МФЙ раиси Инобат Ризаева ҳамда бошқалар юртимизда ўзига хос шаклланиб, обод масканга айланиб бораётган маҳалла “имиджи”ни яратиш, ундаги муаммоларни тизимли ечишга доир фикр-мулоҳазаларини билдирди.
Тадбирда маҳалла раислари ўзларини қизиқтирган бошқа саволларга атрофлича жавоб олди. Маълумот учун, ўқув амалий семинарлар натижадорлигини таъминлаш мақсадида шу йил 27-29 июнь кунлари Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқарув академиясида тегишли вазирлик ва идоралар, олий таълим муассасалари профессор ўқитувчилари, ҳудудий бошқармалар бошлиқлари таркибида тренер-модераторлар тайёрланган.
Вилоят шаҳар ва туманларидаги жами 544 та маҳалла фуқаролар йиғинининг янгидан сайланган раислари учун 1-6 июль кунлари Бухоро давлат университетида ўқув амалий семинар ташкил этилган. Бу уларнинг зиммасидаги вазифа, мақсад ва мажбуриятларини янада теран тушуниб олишига хизмат қилади.
Биринчи босқичда Бухоро ва Когон шаҳри, Бухоро, Когон туманлари ҳамда Пешку туманида фаолият олиб бораётган 183 нафар маҳалла раисларига 18 нафардан иборат модераторлар 36 соатга мўлжалланган ўқув дастури асосида маҳаллада маҳалла раисининг асосий вазифалари ва функциялари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари, жавобгарлиги ҳамда масъулияти, аҳолининг турли гуруҳлари билан ишлашнинг ижтимоий-психологик амалиёти каби долзарб мавзулар бўйича билим бермоқда.
Зариф Комилов
Манба: ЎзА