Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Франция делегацияси билан учрашув
2022-07-05 | Иқтисодиёт
Шу кунларда “МЕДЕФ Интернасиональ” Франция корхоналари ҳаракати аъзоларидан таркиб топган француз ишбилармонлари делегацияси мамлакатимизда ташриф билан бўлиб туришибди.
Жорий йилнинг 4 июль куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов уларни қабул қилди.
Франция Ўзбекистонининг Европадаги муҳим шерикларидан бири ҳисобланади. Мамлакатларимиз икки томон учун манфаатли бўлган кўплаб соҳаларда фаол ҳамкорлик қилиб келмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йилда Франция Республикасига расмий ташрифи икки томонлама муносабатлар тарихида янги саҳифа очди ва мутлақо юқори даражага олиб чиқди.
Aйни пайтда юртимизда Франция сармояси иштирокида 50 га яқин корхона муваффақиятли фаолият юритмоқда. Улар орасида “Suez”, “EDF”, “Airbus”, “Orano”, “Total” ва бошқа компаниялар фаолиятини бунга мисол бўла олади.
Учрашувда савдо-иқтисодий, сармоявий, энергетика, транспорт, инфратузилмани ривожлантириш ва бошқа қатор соҳаларда ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.
Қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича аниқ келишувларга эришиш зарурлиги қайд этилди, узоқ муддатли ҳамкорликни юқори суръатлар билан ривожлантириш зарурлиги алоҳида таъкидланди.
Ўзбекистон Республикаси
Бош вазирининг Матбуот хизмати