Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Биринчи Миллий электрон тижорат платформаси ишга туширилди
2022-06-30 | Иқтисодиёт
30 июнь куни Тошкентдаги “International Hotel Tashkent” меҳмонхонасида Марказий Осиёдаги биринчи TradeUZ.com Миллий электрон тижорат платформаси лойиҳасининг тантанали ишга тушириш маросими бўлиб ўтди.
Лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги томонидан Корея Республикаси Cавдо, саноат ва энергетика вазирлиги (ССЭВ) ҳамда Корея технологияларни ривожлантириш институти (КТРИ) билан ҳамкорликда амалга оширилди.
Электрон платформа Ўзбекистоннинг кичик ва ўрта экспорт қилувчи компанияларига ўз маҳсулотларини экспортга етказишни ташкил этиш учун онлайн тарзда ишончли ва муваффақиятли хорижий ҳамкорларни топиш имконини беради. Бунинг натижасида экспортга етказиб бериш географиясининг кенгайиши, экспорт ҳажмларининг ўсиши ва умуман мамлакат иқтисодиётининг ривожланиши кутилмоқда.
Очилиш маросимида сўзга чиққан инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг ўринбосари Б. Раҳимов TradeUZ.com платформасининг муваффақиятли ишга туширилиши пировардида Ўзбекистоннинг Марказий Осиёда электрон тижорат ривожланишининг юқори динамикасини белгиловчи мамлакат сифатидаги мавқеини мустаҳкамлашга салмоқли ҳисса қўшишини таъкидлади. Бундай муҳим лойиҳани амалга оширишда ёрдам бергани учун Корея Савдо, саноат ва энергетика вазирлиги, Корея технологияларни ривожлантириш институтига миннатдорлик билдирилди.
Бугунги кунда TradeUZ.com 3000 га яқин ўзбек экспортчилари, 10000 хорижий харидор, шунингдек, 30000 дан ортиқ товарлар ҳақида маълумотларни ўзида мужассам этган.
Мазкур лойиҳа мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликни чуқурлаштириш йўлидаги навбатдаги қадам деб эътироф этилди. Лойиҳа юқори қўшилган қийматга эга рақобатбардош ўзбек маҳсулотларини экспорт қилиш ҳажмини оширишга ва шу орқали мамлакат иқтисодиётининг ривожланишига хизмат қилади», - деди Б. Раҳимов. У, шунингдек, томонлар рақамли технологиялар соҳасида ишга солинмаган имкониятлардан фойдаланиш йўлида ишлашда давом этишига умид билдирди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги