Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Сурхондарёдаги ўрганишларда асосий эътибор аҳоли муаммоларини манзилли бартараф этишга қаратилди
2022-06-27 | Жамият
Аввал хабар берганимиздек, Республика ишчи гуруҳининг Сурхондарё вилоятидаги фаолияти Бандихон тумани «Бандихон» маҳалласида жойлашган 7-сонли ихтисослаштирилган мактабда беш ташаббус доирасида амалга оширилаётган ишларни ўрганиш билан давом этди.
Айтиш керакки, муассасада ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш, уларни касб-ҳунарга ўргатиш, маданий-маърифий ва спорт тўгараклари ташкил этилган. Шунингдек, ушбу мактабда фаолият олиб бораётган «Заковат» клуби, рақс, доира, китобхонлик ва ахборот технологиялари саводхонлиги тўгараклари йўлга қўйилган. Гуруҳ вакиллари даставвал, мактабдаги ана шу тўгараклар фаолияти билан танишди.
Қолаверса, сектор раҳбарларининг бандликни таъминлаш, ижтимоий-иқтисодий кўмакка муҳтож оилаларга ёрдам кўрсатиш
ва жиноятчиликни «маҳаллабай» жиловлаш бўйича қилинган ишлар натижалари сарҳисоб қилинди.
Шундан сўнг, Бандихон тумани «Бандихон» маҳалла фуқаролар йиғинида ташкил этилган кутубхонада ёшларни китобхонликка жалб қилиш, китобга бўлган меҳрини ошириш борасида амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишилди.
Шу ернинг ўзида маҳалла раиси, профилактика инспектори, ҳоким ёрдамчиси, хотин-қизлар фаоли ва ёшлар етакчисининг ҳамкорликдаги фаолияти юзасидан ҳисоботлари эшитилди.
Шу билан бирга маҳалла маркази биносида ташкил этилган маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган шахсларни “Onlayn” тарзда суддан ўтказиш жараёнлари маҳалла профилактика инспектори ҳамда Жиноят ишлари бўйича Бандихон суди раислари иштирокида ўтказилди.
Кейинги манзил Қизириқ тумани бўлди. Қизириқ туманида ҳам одамларни ишли қилиш орқали кўплаб муаммоларни ҳал қилиш учун амалий ишларга қўл урилмоқда. Шулардан бири тумандаги «Шодлик» маҳалласида ишга туширилган «Қизириқ текстиль» корхонасидир. Текстиль корхонасида ҳозирда 270 нафар хотин-қиз иш билан таъминланган бўлиб, уларнинг сафида «Аёллар дафтари», «Темир дафтар» ҳамда «Ёшлар дафтари»га киритилган хотин-қизлар ҳам бор.
Ҳудуддаги «Работак» маҳалласида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликни барвақт жиловлаш мақсадида профилактика инспектори ҳамда ёшлар етакчиси ташаббуси билан «Қалқон гуруҳи» ташкил этилган. Унга уч нафар ёш жалб қилиниб, улар рация алоқа воситаси билан таъминланган. Бу эса гуруҳ вакилларининг олиб бораётган фаолияти давомида ҳуқуқбузарлик ёки жиноятчилик билан боғлиқ бирор ҳолат юз берганда бир-бирлари билан зудлик билан алоқага чиқишда, хабар беришда қулайлик яратади. Ишчи гуруҳ вакиллари маҳалла раиси, профилактика инспектори, ҳоким ёрдамчиси, хотин-қизлар фаоли ва ёшлар етакчисининг ҳамкорликдаги фаолияти юзасидан ҳисоботларини тинглаш чоғида ушбу ҳолат билан ҳам танишди.
Жараёнда ишчи гуруҳ аъзолари «Работак» маҳалласида яшовчи ҳунарманд Мирзали Раджабовнинг хонадонида ҳам бўлишди. Ўзини ўзи банд қилган фуқаронинг устоз-шогирд анъанаси асосида шогирдлар тайёрлаётгани, маҳалланинг бошқа манзилларида ҳам ҳунармандчилик устахоналарини ташкил этганликларига гувоҳ бўлишди. Қувонарлиси, бунинг орқасидан кўплаб қизириқлик ёшларнинг бандлиги таъминланмоқда.
Кейинги манзил Термиз туманидаги Ўзбекистон-Афғонистон чегарасидаги «Айритом» чегара-божхона постида бўлди. У ерда фуқаролар ва ходимлар учун яратилган шарт-шароитлар билан танишилди.
Жумладан, юк автомашиналарини божхона кўригидан ўтказиш учун замонавий рентген аппарати, фуқароларни ўтказиш пункти, интеграция қилинган божхона ахборот дастурлари фаолияти ва афзалликлари кўздан кечирилди.
Бир йўла тумандаги «Охунбобоев» маҳалласида жойлашган Термиз халқаро савдо мажмуасидаги қурилиш ишлари ва яратилаётган иш ўринлари орқали аҳолининг бандлигини таъминлаш ва доимий даромад манбаини яратиш амалиёти ҳам эътибордан четда қолмади. Ушбу савдо мажмуаси ҳудудида ишлаб чиқариш зонаси, омборхона, савдо маркази, меҳмонхона, хостел, автотураргоҳ, касалхона, автосервис ва ИИБ бинолари бунёд этилади.
Термиз шаҳар «Шодлик» маҳалласи ҳудудида авто йўлнинг қатнов қисмида инновацион пиёдалар ўтиш йўлаги қилинди. Бу эса пиёдалар ва транспорт воситалари учун қулайлик яратмоқда. Ишчи гуруҳ аъзолари ушбу жараёнга ўзлари гувоҳ бўлишди.
Ўрганишлардан сўнг, 24 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Бахтиёр Исломов, Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов раҳбарлигидаги республика ишчи гуруҳи иштирокида Сурхондарё вилояти ҳокимлигида видео селектор тарзидаги йиғилиш бўлиб ўтди. Унда сектор ҳудудларида фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлаш, соғлиқни сақлаш, аҳолининг бандлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликка қарши кураш, уларнинг олдини олиш ва бошқа бир қатор масалалар юзасидан олиб борилган ўрганиш ишлари танқидий муҳокама қилинди.
Вилоят ҳудудида истиқомат қилиб келаётган «Темир дафтар», «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари»га киритилган фуқаролар, якка-ёлғиз яшовчилар, кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилаларнинг ҳолидан хабар олиш, уларнинг муаммоларини ижобий ҳал этиш борасида йўл қўйилган хато ва камчилликлар айтиб ўтилди.
Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашда йўл қурилиш соҳасидаги муаммолар, содир этилган жиноят келиб чиқиш сабаб ва омиллар судлар иштирокида муҳокама этилиши суст даражада эканлиги, гиёҳванд моддалари ва спиртли ичимликка ружу қўйган шахслар, руҳий касалликлар диспансери ҳисобида турувчи шахслар билан ишлаш, оила турмуш доирасида келиб чиқаётган низолар, оилаларнинг ажрим ёқасига келиб қолаётган вазиятлар бўйича мутасадди идора ва ташкилот раҳбарларининг фаолиятлари қаттиқ танқид қилинди.
Фаолияти давомида жиддий камчилликларга йўл қўйган бир қатор сектор раҳбарлари, идора ва ташкилот масъулларига нисбатан интизомий жазо чоралари қўлланилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги