Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
VII «Осиё болалари» спорт ўйинлари яқинлашмоқда
2022-06-23 | Спорт
Эртага, 24 июнь куни Россия Федерациясининг Владивосток шаҳрида VII «Осиё болалари» спорт ўйинлари машъаласи ёқилади.
Маълумки, жорий йилнинг 27 июль-8 август кунлари ўтадиган VII «Осиё болалари» спорт ўйинларида 26 та мамлакатнинг 1650 нафар спортчиси 19 та спорт турининг 273 та медаллар жамланмаси учун кураш олиб боради.
Олимпия ўйинларининг кичик кўриниши бўлган ушбу ўйинларда Ўзбекистон спорт делегацияси қандай кўринишда бўлади? Мамлакатимиз спортчи ёшлари қайси спорт турларида Ватанимиз шарафини ҳимоя қилади? Спортни ривожлантириш вазирлиги бўлим бошлиғи Акром Низомиддинов бизга шу ҳақда сўзлаб берди. Хитойда ўтказилиши керак бўлган ёзги Осиё ўйинларининг эпидемиологик вазият туфайли қолдирилиши жорий йил Россиянинг Владивосток шаҳрида ўтадиган «Осиё болалари» ўйинлари ҳамда Туркиянинг Конья шаҳрида ташкил этилаётган «Ислом бирдамлиги ўйинлари» комплекс мусобақаларини асосий спорт тадбирлари мақомига олиб чиқди.
VII «Осиё болалари» спорт ўйинлари бўлғуси олимпиячиларнинг ҳақиқий спорт мусобақаси ҳисобланади. Унда Осиё мамлакатларининг энг кучли спортчилари қатнашади. Улар орасида кўплаб Жаҳон чемпионлари, қитъа мусобақаларининг ғолиблари борлиги беллашувларнинг шиддатли кечишидан дарак бермоқда.
Владивосток ўйинларида мамлакатимиз спортчилари дастурдаги 17 та спорт турида иштирок этиши режалаштирилмоқда. Улар бадминтон, баскетбол (3х3), бокс, кураш, дзюдо, енгил атлетика, мас-рестлинг, мини-футбол, стол тенниси, сузиш, соҳил волейбол, милтиқдан ўқ отиш, самбо, спорт курашлари, камондан отиш, таэквондо ва бадиий гимнастика.
Ҳозирда белгиланган спорт турларида тайёргарлик ишлари, ўқув-машғулот йиғинлари олиб борилмоқда. Режага кўра, 17 та спорт туридан 170 нафар атрофида ёш спортчиларимиз баҳсларда қатнашади.
«Осиё болалари» спорт ўйинлари 1996 йили замонавий Олимпия ҳаракатининг 100 йиллиги муносабати билан ташкил этилган бўлиб, ҳар тўрт йилда бир марта ўтказилади. 2019 йилгача мазкур ўйинлар фақат ёзги мусобақалар тарзида ташкил этиларди. Бироқ, Жанубий Сахалин ўйинларидан сўнг у қишки ва ёзги ўйинлар мақомига эга бўлди.
Ўйинларнинг бошланиши олдидан «Осиё болалари» мусобақалари «Машъаласи эстафетаси» тадбирлари алоҳида ўрин тутади.
Ушбу тадбирни белгиланган Олимпия талаблари асосида уюштириш мақсадида Владивосток шаҳрида «Осиё болалари» ўйинларининг машъаласи ва унинг “йўл харитаси” бўйича тақдимоти бўлиб ўтди. Анъанага кўра, ўйинлар машъаласи Саха кенгликларида жойлашган табиий боғ қўйнида жойлашган тоғли чўққилар бағрида аланга олдирилади ва Приморье ўлкасига келтирилади. Ўйинлар машъаласи минтақанинг 32 ҳудуди бўйлаб олиб ўтилади ва 27 июль куни Владивостокка олиб келинади. Машъалани олиб ўтишда 400 нафарга яқин таниқли спортчилар, жамоат вакиллари, ёшлар иштирок этади.
Шунингдек, Акром Низомиддиновнинг фикрига кўра, ушбу ўйинларнинг биз учун аҳамиятли томони, беллашувлар жараёнида 17 та спорт тури бўйича ёшлар ўртасидаги халқаро мусобақаларда, Жаҳон чемпионатларида қатнашиб келаётган спортчиларимиз, келажакда миллий терма жамоаларнинг асосини ташкил этадиган иқтидорлилар яна бир карра синовдан ўтказилади.
Бундан ташқари, Владивосток ўйинлари спорт турлари бўйича мураббий ва мутахассислар учун ўз салоҳиятини, машғулотлар ўтказиш тактикасини белгилаб олиш, қайта кўриб чиқиш учун алоҳида аҳамият касб этади.
Манба: ЎзА