Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Кўздан узоқ, қалбан яқин!
2022-06-23 | Жамият
Ўзбекистон ва Индонезия ўртасида дипломатик муносабат ўрнатилганига 30 йил тўлди
23 июнь – Индонезия Республикаси Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигини эътироф этган кун. 1992 йил шу куни давлатларимиз ўртасидаги муносабатнинг асосий тамойили қўшма баёнот билан муҳрлаб қўйилган.
Қайд этиш жоиз, Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов ўша тарихий воқеадан бир ой ўтар-ўтмас, Индонезияга давлат ташрифини амалга оширган. 1995 йил апрелида эса Президент Сухарто мамлакатимизга жавоб сафари билан келди.
Ўзбекистон дунёдаги энг йирик мусулмон давлати (аҳолисининг 200 миллиондан кўпи ислом динига эътиқод қўйган) ва Жанубий Осиёдаги йирик иқтисодий салоҳият эгаси Индонезиянинг стратегик аҳамиятини тан олади.
Индонезия ҳам Ўзбекистонни Марказий Осиёнинг гавҳари ва минтақа дарвозаси сифатида эътироф этади, потенциал бозор ҳисоблайди.
1994 йил Тошкентда Индонезия элчихонаси очилган, 1996 йилдан бери Жакартада мамлакатимиз элчихонаси фаолият юритиб келмоқда.
2001 йили Самарқандда индонез тилини ўрганиш маркази очилган, бу тил Тошкент давлат шарқшунослик университетида ҳам ўргатилади.
Кейинги йилларда мамлакатимизда туризмни ривожлантириш бўйича самарали ишлар қилинди. Жумладан, зиёрат туризмига кенг йўл очилмоқда.
Ўзбекистон ва Индонезия зиёрат туризми йўлга қўйилиши тарихи 1956 йил билан боғлиқ. Ўшанда собиқ иттифоққа сафар билан келган Индонезия етакчиси Сукарно Самарқандга бориш, Имом Бухорий қабрини тавоф қилиш истагини билдиради. Шошиб қолган амалдорлар қабр атрофини ободонлаштиришга кетадиган вақтни ҳисобга олиб, делегацияни Москвадан уч кун йўл босиб, поездда олиб келишади.
Шу маънода айнан жаноб Сукарно буюк муҳаддис қабрини зиёрат этиб, давлатларимиз ўртасида зиёрат туризми йўналишини бошлаб берган, дейиш мумкин.
Индонезия Президенти юртига қайтиб боргач, ўз эсдаликларида Ўзбекистон ҳақида “Кўздан узоқ, лекин қалбан яқин”, дея таърифлаган эди.
Бугун Сукарнонинг диний зиёрат учун юртимизга келадиган издошлари жуда кўп. Сайёҳлар ниятини дунёни ташвишга солган пандемия бир муддат чеклади. Индонезия фуқаролари учун ҳаж ёки умра зиёрати олдидан Ўзбекистонга кириб ўтиш дастурини йўлга қўйиш, юртимиз аэропортларидан имтиёзли фойдаланиш, чартер рейслар ташкил этиш бўйича музокара яна тикланади. Зиёрат туризмини ривожлантириш икки мамлакат манфаатига хизмат қилиши шубҳасиз.
Маълумот ўрнида: Индонезия Республикаси ороллардан иборат йирик архипелаг – ғарбдан шарққа 5120 километр, шимолдан жанубга 1760 километр кенгликда жойлашган. Мамлакат ҳудудида, қарийб, 18 минг орол бор. Аҳоли беш асосий, икки йирик ва ўттизта кичик оролда истиқомат қилади.
Мамлакат экваторнинг икки томонида жойлашган. Архипелагни Тинч ва Ҳинд океанлари ажратиб туради.
Индонезияда 150 га яқин элат, этник гуруҳ яшайди. Давлат тили — индонез, асосий дин — ислом. Аҳолисининг 87 фоизи мусулмон. Бу — дунё мусулмонларининг 12,6 фоизи, дегани.
Аброр Ғуломов
Манба: ЎзА