Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ходимларни ишга олиш, билимини синаш тўлиқ электрон тарзда амалга оширилмоқда
2022-06-22 | Жамият
Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ташаббуси билан Давлат бошқаруви академиясида “Давлат органлари ва ташкилотларида инсон ресурсларини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар: мавжуд муаммолар ва уларни бартараф этиш чоралари” мавзусида очиқ мулоқот бўлиб ўтди.
Давлат фуқаролик хизмати масалалари бўйича ваколатли орган — Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ташаббуси билан давлат органлари ва ташкилотларида ягона кадрлар сиёсатини олиб бориш, ходимларни самарали бошқариш ва инсон ресурсларини ривожлантириш, малакали кадрлар захирасини рақобат асосида шакллантириш ҳамда улар томонидан давлат фуқаролик хизматчиларининг вакант лавозимлари ўз вақтида эгалланишига йўл очилмоқда.
– Агентлик томонидан давлат фуқаролик хизматига киришда инсон омилини камайтириш, бюрократик тўсиқларни бартараф этиш ва коррупциявий хавф-хатарларнинг олдини олишга қаратилган давлат фуқаролик хизмати ягона электрон ахборот таҳлил тизими ҳамда Давлат фуқаролик хизматчилари вакант лавозимлари ягона очиқ портали –vacancy.argos.uzишга туширилди, – дейди Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Отабек Ҳасанов. – Таркибий тузилма, штатлар, лавозимлар ва ходимлар тўғрисидаги маълумотларни ягона электрон базаси — Ягона миллий меҳнат тизими идоралараро дастурий аппарат комплексига интеграция қилинди.
Бугунги кунда порталга 70 дан ортиқ вазирлик ва идоралар, шу жумладан, уларнинг ҳудудий бўлинмалари, тизим ташкилотлари (жами 14 мингдан зиёд), барча ҳокимликлар уланган бўлиб, 220 мингдан ортиқ фуқаро электрон шаклдаги ўз резюмесини шакллантирган. Ўтган давр мобайнида давлат органлари ва ташкилотларидаги мавжуд вакант лавозимлар бўйича 75 мингдан ортиқ танлов эълон қилиниб, вакант лавозимлар учун танловларда жами 900 мингга яқин номзод иштирок этган.
– Охирги 5-6 йил давомида давлатимизда жудаям кўплаб ислохотлар амалга ошириляпти, – дейди Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги департамент масъул ходими Камол Тагаев. – Албатта, ҳар бир сохада етук кадрларга бўлаётган талаб кундан-кунга ортиб бормоқда. Мана шу талабларни инобатга олган ҳолда давлатимиз раҳбари томонидан 2019 йилнинг 3 октябрь куни “Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Бу қарорда агентликка бир қатор функциялар юкланди.
Шунингдек, давлат хизматчиларининг билим ва малакасини ошириб бориш мақсадида агентлик томонидан давлат фуқаролик хизмати ягона электрон ахборот таҳлил тизими таркибида ходимларни масофавий ўқитиш бўйича ilm.argos.uz платформаси, ходимларнинг билим салоҳиятини автоматик аниқлаш имконини берувчи test.argos.uz платформаси жорий этилган.
Давлатимиз раҳбари томонидан жорий йилнинг 19 майида қабул қилинган “Давлат бошқаруви соҳасида коррупциявий хавф-хатарларни бартараф этиш механизмларини такомиллаштириш ва ушбу соҳада жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида 2023 йил 1 январга қадар давлат бошқаруви органларида кадрлар билан ишлаш йўналишидаги автоматлаштирилган тизимнинг жорий этилиши белгиланди.
Яъни, эндиликда Ягона миллий меҳнат тизими идоралараро дастурий аппарат комплексига киритилаётган маълумотлар тўлиқлигини таъминлаш, вакант лавозимларни эълон қилишдан тортиб, танлов ўтказиш ва ишга қабул қилиш натижалари бўйича ҳужжатларни расмийлаштиришгача бўлган жараёнларни тўлиқ электрон тарзда Давлат фуқаролик хизматчилари вакант лавозимлари ягона очиқ портали — vacancy.argos.uz орқали амалга оширишга қатъий риоя этиш талаб этилади ҳамда кадрларни бошқариш, баҳолаш, масофавий ўқитиш ва ривожлантириш жараёнларини давлат фуқаролик хизмати ягона электрон ахборот таҳлил тизими таркибидаги платформалари янада такомиллаштирилади.
Мулоқотда давлат органлари ва ташкилотларида ходимларни бошқариш тизимига замонавий ахборот технологияларини жорий этишнинг ягона тизими — hrm.argos.uzплатформаси тақдимоти ўтказилди.
Н.Раҳмонова, Н.Ҳайдаров(сурат)
Манба: ЎзА