Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Женевада Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши бўйича Ишчи гуруҳининг 5-йиғилиши бошланди
2022-06-22 | Иқтисодиёт
Женева шаҳрида Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига (ЖСТ) аъзо бўлиши бўйича Ишчи гуруҳининг 5-йиғилиши бўлиб ўтди.
Тадбирда ЖСТга аъзо мамлакатларнинг 60 дан ортиқ делегациялари, шунингдек, халқаро ташкилотлар вакиллари ва хорижий экспертлар иштирок этди.
Сўзга чиққан 25та ЖСТга аъзо-давлатларнинг барчаси, шу жумладан АҚШ, ЕИ, Буюк Британия, Россия, Туркия, Индонезия, Корея Республикаси, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва бошқалар Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлишини бир овоздан қўллаб-қувватлаб, Ташкилотга аъзо бўлиши мамлакатнинг кўп томонлама савдо тизимига тўлиқ интеграциялашувига имкон яратишини, барча аъзо давлатлар билан савдо-иқтисодий алоқаларни янада ривожлантиришга туртки беришини ҳамда глобал даражадаги халқаро иқтисодий муносабатларнинг ҳуқуқий тизими кенгайиш жараёнини фаоллаштиришини таъкидладилар.
Тадбир иштирокчилари давлатимиз раҳбари бошчилигида Янги Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт Стратегияси доирасида амалга оширилаётган Ўзбекистон иқтисодиёти ва ташқи савдо режимини эркинлаштиришнинг фаол, прагматик ва чуқур ўйланган сиёсатига юқори баҳо бердилар. Уларнинг таъкидлашича, Стратегия халқаро ҳамжамият томонидан кенг тан олиниб, тўлиқ қўллаб-қувватланмоқда.
Ўзбекистоннинг Ташкилотга аъзо бўлиш жараёни доирасида, шу жумладан кенгайтирилган ҳужжатлар тўпламини тайёрлаш ва мамлакат бозорига чиқиш бўйича икки томонлама музокаралар олиб бориш доирасида ЖСТ билан ишлаш бўйича Идоралараро комиссия томонидан амалга оширилган саъй-ҳаракатларнинг натижаларига ижобий баҳо берилди.
Ишчи гуруҳ йиғилишининг очилишида сўзга чиққан ЖСТ билан ишлаш бўйича Идоралараро комиссия раиси - Бош вазир ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири С. Умурзаков мамлакатимизнинг ташқи иқтисодий сиёсати доирасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг асосий йўналишларидан бири сифатида Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлишининг муҳимлиги ва мутлақ устуворлигини таъкидлади.
Ўзбекистон делегацияси раҳбари Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши жараёнини фаол илгари суриш ва яқин келажакда Ташкилотга аъзо барча манфаатдор давлатлар билан икки томонлама музокараларни якунлаш бўйича қарори қатъий эканлигини тасдиқлади.
Тадбир кун тартибига кўра, Ишчи гуруҳ Ўзбекистон ташқи савдо режими бўйича тақдим этилган ҳужжатлар, жумладан, Фактологик хулоса, ЖСТга аъзо-давлатлар саволларига жавоблар, иқтисодий сиёсат бўйича маълумот, давлат активларини хусусийлаштириш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар, божхона-тариф сиёсати, қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, саноат субсидияларинин муҳокамасига киришди.
Ўзбекистон делегацияси, шунингдек, Женевада АҚШ, Европа Иттифоқи, Канада, Бразилия, Швейцария, Индонезия, Саудия Арабистони, Мўғулистон ва бошқа ЖСТга аъзо йирик давлатлар - Ўзбекистоннинг Ташкилотга аъзо бўлиш бўйича Ишчи гуруҳи аъзолари билан товар ва хизматлар бозорига чиқиш юзасидан қатор икки томонлама музокаралар ўтказмоқда.
Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги