Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасида

2022-06-21 | Сиёсат

Вазирлар Маҳкамаси Раёсатининг навбатдаги мажлисида “Музейлар тўғрисида”ги қонун ва қонуности ҳужжатлар ижросини таъминлаш юзасидан бажарилаётган ишларнинг натижадорлиги тўғрисида Маданий мерос агентлиги ва Фанлар академияси ҳамда Фарғона ва Сурхондарё вилоятлари раҳбарларининг ҳисоботи тингланди.

Йиғилишда Президентимиз ташаббуси билан музейлар соҳасини ривожлантириш, уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, музей фондларидаги ноёб ашёларни сақлаш ва кенг тарғиб қилиш, музейларга сайёҳлар оқимини янада кўпайтириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётгани таъкидланди.

Хусусан, сўнгги йилларда мамлакатимизда 20 дан ортиқ янги музей ташкил қилингани алоҳида қайд этилди. Буюк адибларимиз хотирасини абадийлаштириш мақсадида Марғилон шаҳрида Эркин Воҳидов, Жиззах шаҳрида Ҳамид Олимжон ва Зулфия ҳамда Шароф Рашидов, Тўрақўрғон туманида Ибрат, Учкўприк туманида Ҳазиний, Тошкент шаҳрида Абдулла Қодирий мемориал ва уй-музейлари очилгани бунинг тасдиғидир.

Шунингдек, ҳудудларда Қатағон қурбонлари хотираси музейи филиаллари, Тошкент шаҳрида “Шон-шараф”, Мўйноқ туманида Экология, Шаҳрисабз шаҳрида Мақом музейлари очилган ва фаолият кўрсатмоқда. Бундан ташқари, 2020 йил сентябрь ойидан бошлаб давлат музейларида ҳар ойнинг биринчи якшанбаси “Очиқ эшиклар куни” деб эълон қилинди ва ушбу кун ташриф буюрувчилар учун музейларга кириш бепул этиб белгиланди.

Президентимизнинг 2020 йил 26 майдаги “Маданият ва санъат соҳасининг жамият ҳаётидаги ўрни ва таъсирини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида музейлар фаолиятининг илмий ва маърифий жиҳатларига алоҳида эътибор қаратилган.

Жумладан, барча музейларнинг илмий тадқиқот ва услубий фаолиятини мувофиқлаштириш, уларнинг мазкур йўналишда ўзаро ҳамкорлигини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон давлат санъат музейида санъат соҳасидаги, Ўзбекистон тарихи давлат музейида маданият ва тарих соҳасидаги илмий тадқиқотлар ва изланишларни мувофиқлаштирувчи илмий услубий кенгашлар фаолияти йўлга қўйилди.

Бугунги кунга қадар мазкур илмий кенгашларда битта докторлик ва тўртта номзодлик диссертацияси ҳимоя қилинди. Илмий даражаларга эга бўлган музей ходимларининг ойлик маоши ўртача 2,5 баробар оширилди. Мажлисда бажарилган ишлар билан бирга келгусида жиддий ва алоҳида эътибор қаратилиши зарур бўлган камчилик ва муаммолар батафсил муҳокама қилиниб, уларни бартараф этиш учун амалга оширилиши керак бўлган бир қатор вазифалар белгилаб олинди.

Хусусан, қуйидагилар алоҳида таъкидланди:

биринчидан, ҳар бир музей раҳбарияти ва ходимининг илмий тадқиқот ишларига, жумладан, халқимизнинг бой маданий меросини сақлаб қолиш ва асраб-авайлашга эътиборини кучайтириш;

иккинчидан, музейларда маданий-маърифий, тарғибот-ташвиқот, илмий тадқиқот ишлари савиясини ошириш, мунтазам равишда илмий-методик ва илмий-амалий семинарлар, конференциялар ўтказишни самарали ва тизимли йўлга қўйиш;

учинчидан, музейлар экспозициясини янгилаш ҳамда музей ашёлари ва коллекцияларини сақлаш шароитларини босқичма-босқич яхшилаш бўйича зарур чора-тадбирлар ишлаб чиқиш;

тўртинчидан, маҳаллий аҳоли ва юртимиз меҳмонлари қизиқишини янада ошириш мақсадида музейлар фаолиятини юртимиз ва чет эл оммавий ахборот воситалари орқали кенг тарғиб қилиш.

Йиғилиш якунида аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича Вазирлар Маҳкамаси Раёсатининг қарори ва чора-тадбирлар режаси тасдиқланди.

Манба: «Янги Ўзбекистон»

Поделиться