Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Ўзбекистон-Озарбайжон: ўзаро ишонч ва юксак эҳтиромга асосланган ҳамкорлик

2022-06-21 | Сиёсат

Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев 21-22 июнь кунлари давлат ташрифи билан Ўзбекистонда бўлади.

Икки мустақил давлат 1995 йил октябрь ойида дипломатик муносабатлар ўрнатган. Олий даражадаги Ўзбекистон-Озарбайжон саммити мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликнинг ривожланиш тарихида янги босқични очиши кутилмоқда.

Ўзбек ва озар халқларининг ўзаро дўстлик алоқалари чуқур тарихий илдизларга эга бўлиб, кўп асрлик маданий ва маънавий қадриятлар, анъаналар ва тарихнинг ўзаро уйғунлашувига таянади. Бугунги кунда ушбу азалий ва яқин ришталар икки давлат ўртасида мустаҳкам ишонч ва юксак ҳурматга асосланган ўзаро манфаатли  ҳамда самарали ҳамкорликни ривожлантириш учун мустаҳкам пойдевор бўлмоқда.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2019 йил 14-15 октябрь кунлари Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг (ҳозир - Туркий давлатлар ташкилоти) Боку шаҳрида бўлиб ўтган 7-саммитида иштирок этиш учун Озарбайжонга ташриф буюрди.

Ташриф чоғида давлатимиз раҳбари Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев билан учрашди. Учрашувда икки мамлакат раҳбарлари ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтиришнинг долзарб масалаларини муҳокама қилдилар ва истиқболдаги устувор вазифаларни белгилаб олдилар.

134 та ҳужжат, шу жумладан, 7 та давлатлараро, 54 та ҳукуматлараро, 35 та идоралараро ва бошқа ҳужжатларни ўз ичига олган шартномавий-ҳуқуқий база ҳамкорликни ривожлантиришнинг мустаҳкам асоси ҳисобланади.

1996 йил 27 май куни Бокуда имзоланган Дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома ва 2004 йил 23 март куни Тошкентда имзоланган Стратегик шерикликни янада мустаҳкамлаш тўғрисидаги декларация асосий ҳужжатлар ҳисобланади.

Алоҳида таъкидлаш жоизки, сўнгги йилларда икки томонлама муносабатлар янги динамика ва мазмунга эга бўлиб бормоқда. Юқори  даражадаги алоқалар сезиларли даражада фаоллашмоқда. Хусусан, парламентлараро ҳамкорлик изчил ривожланмоқда, парламент вакиллари Ўзбекистон ва Озарбайжонда бўлиб ўтаётган Президент ва парламент сайловларида халқаро кузатувчи сифатида мунтазам иштирок этиб келмоқда, шунингдек, турли халқаро тадбирларда қатнашмоқда.

2020 йил икки мамлакат қонун чиқарувчи органлари – Ўзбекистон Олий Мажлиси ва Озарбайжон Миллий Мажлисида парламентлараро ҳамкорлик гуруҳлари ташкил этилди.

Жорий йил 31 март - 2 апрель кунлари Озарбайжон Миллий Мажлиси раиси Соҳиба Гафарова Ўзбекистонга расмий ташриф билан келди. Ташриф чоғида Озарбайжон делегацияси раҳбари Президент Шавкат Мирзиёев томонидан қабул қилинди.

15-18 май кунлари Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери Нурдинжон Исмоилов Озарбайжонга ташриф буюрди. Мамлакатимиз парламенти қуйи палатаси раҳбарини Президент Илҳом Алиев қабул қилди.

Ўзбекистон ва Озарбайжон БМТ, Туркий давлатлар ташкилоти, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги ва бошқа етакчи халқаро тузилмалар доирасида яқин ҳамкорлик қилиб, бир-бирининг ташаббусларини ўзаро қўллаб-қувватламоқда.

Мамлакатлар халқаро кун тартибидаги асосий масалалар, жумладан, замонавий таҳдидлар ва хавфсизлик муаммоларига қарши курашиш, ядро қуролини тарқатмаслик тартибини мустаҳкамлаш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга ошириш бўйича ўхшаш позицияларга эга.

Озарбайжон Ўзбекистон ташаббуси билан қабул қилинган БМТнинг «Марказий Осиё минтақасида тинчлик, барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлаш бўйича минтақавий ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш» (2018й.), «Маърифат ва диний бағрикенглик» (2018й.), «Марказий Осиёда барқарор туризм ва барқарор ривожланиш» (2019й.), «Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди деб эълон қилиш тўғрисида»ги (2021й.) резолюцияларини қўллаб-қувватлади ва уларга ҳаммуаллифлик қилди.

Шунингдек, Озарбайжон томони Жаҳон сайёҳлик ташкилоти (UNWTO) Бош ассамблеясининг 25-сессиясини 2023 йилда Самарқанд шаҳрида ўтказишни ёқлаб овоз берди.

Ўзбекистон ва Озарбайжон бошқа давлатлар билан биргаликда ЮНЕСКОнинг Репрезентатив рўйхатига 2016 йилда Наврўз байрами ва 2020 йилда миниатюра санъатини киритди.

Савдо-иқтисодий алоқалар ривожланишининг ижобий динамикаси 2016  йилдан бери деярли 6 бараварга ошди. Мамлакатларимиз ўртасидаги савдо муносабатлари эркин савдо режимида амалга оширилмоқда. 1998 йилда ташкил этилган ҳамкорлик бўйича Ҳукуматлараро комиссия савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантиришнинг самарали механизмига айланди.

Бугунги кунда Ўзбекистон ҳудудида Озарбайжон капитали иштирокида 234 та корхона фаолият кўрсатмоқда. Уларнинг 82 таси қўшма ва 152 таси юз фоиз хорижий капитал иштирокидаги корхоналардир. Уларнинг аксарият қисми машинасозлик ва металлни қайта ишлаш, энергетика, енгил саноат, озиқ-овқат тармоғи, заргарлик буюмлари ишлаб чиқариш ва таъмирлаш, молия ва суғурта, кўчмас мулк операциялари, хизмат кўрсатиш, савдо йўналишларида фаолият юритади. Ўз навбатида, Озарбайжонда «Uzbekistan Airways» АЖ ваколатхонаси ва «Ўзавтосаноат» АКнинг «Ўзавто Боку» дилерлик маркази ташкил этилган.

2021 йил сентябрь ойида Озарбайжоннинг Ҳажигабул шаҳрида «UzAuto Motors» ва «SamAuto» йиғиш линиялари очилди. Декабрь ойида «UzAuto» ишлаб чиқариш линияси янги босқичга ўтди – заводда Chevrolet Damas, Labo, Lacetti, Tracker ва Malibu автомобилларини йиғиш йўлга қўйилди.

Ўтган йил 15-17 декабрь кунлари Боку шаҳрида «Made in Uzbekistan» миллий маҳсулотлар халқаро кўргазмаси бўлиб ўтди. Тадбирда икки мамлакат расмий ва ишбилармон доиралари вакиллари иштирок этди.

Бизнес-миссиянинг асосий мақсади Ўзбекистон маҳсулотларини илгари суриш, ишбилармон доиралар вакиллари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш, экспорт ҳажмини ошириш, кўргазма қатнашчиларини мамлакатимизнинг ишлаб чиқариш салоҳияти билан яқиндан таништириш, юқори қўшимча қийматга эга бўлган ва импорт ўрнини босувчи янги ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш бўйича кооперацион алоқаларни ривожлантириш, маҳсулотларни учинчи мамлакатларга экспорт қилиш, ўзбек экспортчиларига экспорт шартномаларини тузиш орқали ўз маҳсулотлари ва хизматларини ташқи бозорга олиб чиқиш учун ихтисослаштирилган хизматлар мажмуасини тақдим этишдан иборат бўлди.

Халқаро кўргазмада мамлакатимизнинг 80 дан ортиқ тўқимачилик, чарм-пойабзал, ипакчилик, озиқ-овқат, кимё, электротехника, фармацевтика, қурилиш, мебель ва машинасозлик саноати соҳаларига ихтисослашган корхоналарининг экспорт ва ишлаб чиқариш салоҳияти Озарбайжон кенг жамоатчилиги вакилларига тақдим этилди.

Тадбир доирасида Ўзбекистон ва Озарбайжон ишбилармон доиралари вакиллари иштирокида 150 дан ортиқ “В2В” шаклидаги амалий учрашувлар, компаниялар тақдимотлари, матбуот анжуманлари, шунингдек, маданий ва гастрономик дастурлар уюштирилди.

Уч кунлик кўргазма якунлари бўйича жами 13,5 миллион АҚШ долларига тенг шартномалар имзоланди.

Ҳамкорликнинг Ўзбекистон-Озарбайжон ишбилармонлар кенгаши ва Ҳудудлараро фoрум каби мавжуд майдончаларидан ташқари, томонлар барча соҳаларда ўзаро алоқаларни янада ривожлантириш учун янги платформалар изламоқда. Савдо айланмасини изчил ошириш ва кооперация алоқаларини кенгайтириш учун зарур чоралар кўрилмоқда.

Мамлакатларимиз ўртасидаги маданий-гуманитар алоқалар чуқур тарихий илдизларга эга. Озарбайжонликлар ўзбек халқининг бой тарихи ва маданиятига, жаҳон ва ислом цивилизацияси тараққиётига қўшган салмоқли ҳиссасига катта ҳурмат билан ёндашади. Икки қардош халқнинг маданияти ва санъати асрлар давомида ёнма-ён ривожланиб, бир-бирини ўзаро бойитиб ва тўлдириб келмоқда. Бунинг самарасида ўзбек ва озар халқларининг наср ва назм санъати шаклан, ғоявий ва мазмунан ҳамоҳанглашиб, бир-бири билан уйғунлашиб кетган.

Озарбайжонда ўзбек адабиётининг мумтоз вакили, шоир, мутафаккир ва давлат арбоби Алишер Навоий ижодига катта қизиқиш мавжуд. Пойтахт Боку шаҳрида буюк ўзбек мутафаккирининг ҳайкали қад ростлаб турибди. Ўз навбатида, юртимизда ҳам Низомий Ганжавий, Имодиддин Насимий, Муҳаммад Фузулий ва озар адабиётининг бошқа мумтоз вакиллари ижодининг ихлосмандлари жуда ҳам кўп.

Ўзбекистон ва Озарбайжон вакиллари ҳар икки мамлакатда ўтказилаётган турли маданий ва бошқа тадбирларда мунтазам иштирок этиб келаётир.  Хусусан, Шаҳрисабзда ташкил этилган Халқаро мақом санъати форумида (2018й.) Озарбайжон вакили Нигор Шабанова 1-ўринни, Самарқандда ўтказилган «Шарқ тароналари» XII халқаро мусиқа фестивалида (2019й.) озарбайжонлик хонанда Парвиз Қосимов 1-ўринни эгаллади. 2017-2019 йилларда Ўзбекистон вакиллари Озарбайжонда бўлиб ўтган Халқаро муғом фестивалида иштирок этиб, иккита биринчи, тўртта иккинчи ва бешта учинчи ўринни қўлга киритди.

Буларнинг барчаси мустаҳкам тарихий асос ва замонавий қонунчилик базасига эга бўлган ўзаро муносабатлар изчил ривожланиб, жадаллашаётганидан далолат беради.

Тошкентга амалга оширилаётган олий даражадаги ташриф икки қардош халқ учун Ўзбекистон ва Озарбайжон фаровонлиги ва осойишталиги йўлида ўзаро ҳамкорлик, маданий алмашинув ва дўстлик алоқаларини мустаҳкамлашда юксак натижаларга эришишнинг янги уфқларини очиб беради.

Манба: “Дунё” ахборот агентлиги

Поделиться