Ўзбекистонда сунъий интеллектни ривожлантириш бўйича стратегия муҳокамага қўйилди
Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги республикамизда сунъий интеллектни 2030 йилга қадар ривожлантириш босқичлари, сунъий интеллект инфратузилмасини яхшилаш ҳамда қисқа муддатли ва узоқ муддатли долзарб лойиҳаларни белгилаш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида сунъий интеллект технологияларини 2023-2030 йилларда ривожлантириш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарор лойиҳасини regulation.gov.uz сайтида муҳокама учун эълон қилди.
Қарор лойиҳасида сунъий интеллект технологияларининг бозор улушини кўпайтириш, ушбу йўналишда илмий-тадқиқот ҳамда амалий лойиҳаларни йўлга қўйиш, малакали мутахассислар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш ҳамда иқтидорли ёшларни саралаш, уларнинг стартап лойиҳалари ва ташаббускор ғояларини қўллаб-қувватлаш кўзда тутилган.
Қарор лойиҳаси соҳалар кесимида сунъий интеллектни қўллаган ҳолда ахборот тизимлари яратиш ва уларни такомиллаштиришни ўз ичига олган бўлиб, муҳокамалар давомида қарор лойиҳасига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши мумкин.
Шунингдек, қарор лойиҳаси билан “Сунъий интеллект технологияси архитектураси” ва “Сунъий интеллект соҳасида лойиҳаларни 2023-2025 йилларда амалга ошириш бўйича йўл харитаси” тасдиқланмоқда.
Сунъий интеллектни ривожлантириш стратегиясини тасдиқлаш орқали бир қатор ижобий натижаларга эришиш кутилмоқда. Жумладан:
• сунъий интеллект технологияларини ривожлантириш учун норматив-ҳуқуқий асос яратилади;
• иқтисодиёт соҳалари кесимида долзарб амалий лойиҳалар ишга туширилади;
• аҳоли ва жамият эҳтиёжларини устун қўйган ҳолда давлат бошқаруви такомиллаштирилади;
• сунъий интеллект соҳасида илмий ва стартап лойиҳаларни амалга ошириш механизми яратилади;
• сунъий интеллект соҳасида фаолият юритадиган тадбиркорлик субъектларига қўшимча қулайликлар яратилади;
• сунъий интеллект йўналишида малакали мутахассислар етиштирилади ва уларнинг захираси шакллантирилади.
Барча қизиқиш билдирган шахсларни мазкур қарор лойиҳаси юзасидан таклиф ва мулоҳазаларини қуйидаги ҳавола орқали билдиришлари мумкинлигини эслатиб ўтамиз.
https://regulation.gov.uz/oz/d/63134
Манба: Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги