Ўзбекистон ва Қозоғистон: халқаро ва минтақавий туристик ахборот марказлари ўртасидаги ҳамкорлик муҳокама қилинди
Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги делегатсияси 2022 йил 9–10 июн кунлари Қозоғистонда ўтказилган “Туркий давлатлар туристик ахборот марказларининг I-йиғилиши”да иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги делегацияси 2022 йил 9–10 июн кунлари Қозоғистонда ўтказилган “Туркий давлатлар туристик ахборот марказларининг I-йиғилиши”да иштирок этди.
Мазкур йиғилиш “Қозоғистон туризм” миллий компанияси ОАЖ ҳамда Чимкент шаҳар ҳокимиятининг Туризм масалалари маъмурияти, “Visit Shymkentт” туризм ахборот маркази ташаббуси билан ташкил этилди. Асосий мақсад – халқаро ва минтақавий туристик ахборот марказлари ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, шунингдек, ички ва кириш туризмини ривожлантириш, янги ҳудудлараро ва трансмиллий сайёҳлик йўналишларини ривожлантириш бўйича ягона Концепция яратишдан иборат бўлди. Ушбу ташаббус қадимий “Буюк ипак йўли”нинг қайта тикланиши билан сайёҳлар оқимини оширишга хизмат қилади.
Йиғилишда Тожикистон, Қирғизистон, Озарбайжон ва бошқа тегишли туризм ташкилотлари онлайн иштирок этишди. Асосий тадбирлар 10 июн куни Қозоғистон Республикаси Чимкент шаҳридаги М.Авезов номидаги университет биносида бўлиб ўтди.
Йиғилиш давомида, асосан, иштирокчи давлатлар томонидан ўз мамлакатининг туризм салоҳиятини тарғиб қилувчи тақдимот материаллари ва видеороликлар намойиш қилинди. Сўнг иштирокчи давлатлар вакиллари ўзаро фикр-мулоҳазалар амашишди, келгусида амалга ошириладиган ишлар аниқ белгилаб олинди.Шунингдек, Чимкент шаҳри маъмурияти томонидан “Туркий давлатлар туристик ахборот маркази” штаб квартирасининг Чимкент шаҳрида жойлашиши бир овоздан маъқулланди. Шундан сўнг Қозоғистон Республикаси Чимкент шаҳри туризм маъмурияти ҳамда Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳузуридаги “Туристларга хизмат кўрсатиш маркази” ДУК ва Навоий вилояти Туризм ва маданий мерос бош бошқармаси ўртасида ҳамкорлик меморандумлари имзоланди. Шу билан бирга икки давлатлар ўртасида миллий урф-одатлар акс эттирилган эсдалик совгʻалари алмашилди.
Тадбир давомида Чимкент шаҳрида жойлашган тарихий ва маданий кўнгилочар обектлар, жумладан, шаҳар чеккасидаги Оқсув-Жабағли қўриқхонаси, Сайрам-Угом миллий боғи, Каскасу дам олиш масканига саёҳат ташкил этилди. Саёҳат давомида икки давлат вакиллари амалга оширилган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари, соҳадаги режалар юзасидан ўз тажрибаларини ўртоқлашишди.
Тадбир якуни арафасида маданий дастур ҳам ташкил этилди. Дастур доирасида ҳам икки давлатлар оʻртасида миллий урф-одатлар акс эттирилган эсдалик совғалари алмашилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги