Жорий йилнинг 16 июнь куни Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири ўринбосари Бобур Абдиназаровнинг Марказий Осиё бўйича мамлакат дастури координатори Саша Жумена бошчилигидаги Жаҳон банки вакиллари билан учрашуви бўлиб ўтди.
Учрашувда Жаҳон банки Гуруҳи билан ҳамкорлик бошқармаси бошлиғи Беҳзод Ҳамроев, меҳмонлар томонидан Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Марко Мантованелли ва Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги портфелини мониторинг қилиш бўйича бош мутахассиси Рахимжан Ассангазиев ҳам иштирок этдилар.
Учрашувнинг асосий мавзуси минтақавий электр энергияси бозорини яратиш ва Марказий Осиё мамлакатлари билан ўзаро манфаатли ва самарали ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш истиқболларини муҳокама қилиш эди.
Учрашув аввалида томонлар бугунги кунда энергетика соҳасида амалга оширилаётган ишлар, келгуси йиллар учун кутилаётган натижалар ва режалар ҳақида фикр алмашдилар.
Шунингдек, давлат-хусусий шериклик орқали энергетика соҳасини ривожлантиришнинг мумкин бўлган йўллари муҳокама қилинди.
Жаҳон банки вакиллари техник ва молиявий қўллаб-қувватлаш орқали лойиҳаларни амалга оширишда ёрдам беришга тайёр эканликларини билдирдилар.
Учрашув якунида томонлар ўзаро манфаатли ва самарали ҳамкорликни янада кенгайтиришга келишиб олдилар.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги