Бош вазир ўринбосари - Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси раиси Зулайҳо Маҳкамова бошчилигидаги қўмита вакиллари ҳамда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Аҳолишунослик жамғармаси (UNFPA)нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси вакиллари билан учрашуви бўлиб ўтди.
Учрашувда БМТнинг “Ўзаро ҳамкорлик орқали Қиргʻизистон ва Ўзбекистон чегаролди ҳудудларини ривожлантириш” қўшма дастури лойиҳаси тақдим этилди.
Мазкур лойиҳанинг бош мақсади этиб қуйидагилар белгиланган:
Аёллар ва ёшлар ўртасида чегараорти ҳамкорлик ва дўстона мулоқотни илгари суриш;
Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш орқали чегараолди ҳудудларнинг иқтисодий ҳамкорлигига ҳисса қўшиш;
Инновацион қишлоқ хўжалиги амалиётларини жорий қилиш;
Маҳаллий ҳокимликларнинг ҳамкорлик ва тинчликни таъминлаш бўйича кўникмаларини ошириш.
Учрашувда қайд этилишича, Аёллар ва ёшлар ўртасида чегараорти ҳамкорлик ва дўстона мулоқотни илгари суриш учун 3 босқичли ҳаракат амалга оширилади. Булар:
1. Ўзаро ёрдам гуруҳларини ташкил қилиш.
2. Жамиятда аёллар ўрнини ошириш бўйича эркак ва ёш йигитларга қаратилган тренинглар.
3. Ўзаро ёрдам гуруҳлари ўртасида тажриба алмашиш ташрифларини ташкил қилиш
Бундан ташқари тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш орқали чегараолди ҳудудларнинг иқтисодий ҳамкорлигига ҳисса қўшишга эришилади. Бунинг учун
Акселератор дастури;
Энг сара инновацион ташаббусларни ускуналар билан қўллаб-қувватлаш;
Бизнес лойиҳаларни тақдимоти бўйича конференция ташкил қилиш;
Аёл ва ёш тадбиркорларни бир-бирига боғловчи платформаларни ташкил қилиш;
Аёл, ёш тадбиркорлар ва фермерлар, маҳаллий ҳокимликларни бирлаштирувчи тадбирлар ташкил қилиш;
Энг сара IТ-ечимларни танлаб олиш учун агро-Хакатон ўтказиш каби 6 босқичли ҳаракат амалга оширилади.
Шунингдек, Ташкилот томонидан Инновацион қишлоқ хўжалиги амалиётларини жорий қилиш таклифи ҳам илгари сурилмоқда. Ушбу ғояга кўра ресурсларни самарали бошқариш ва мавжуд қишлоқ хўжалиги амалиётларини ўрганиш, маҳаллий шароитни инобатга олган ҳолда инновацион қишлоқ хўжалигини амалиётга жорий қилиш кўзда тутилган.
Учрашув сўнгида томонлар тақдим этилган лойиҳалар юзасидан ўзаро келишувга эришди. Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси моддий ва ҳуқуқий масалаларда ҳар томонлама кўмакка тайёр эканлигини билдирди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси