Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Республиканинг барча ҳудудларида “Санитария инқилоби” амалга оширилади
2022-06-14 | Туризм
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг топшириғига мувофиқ, 2022-2023 йилларда республикадаги барча туризм намойиши объектлари (маданий мерос объектлари, зиёратгоҳлар, туризм зоналари, меҳмонхоналар, сиҳатгоҳ ва дам олиш зоналари, спорт-соғломлаштириш муассасалари, оммавий намойиш жойлари, маданият ва истироҳат боғлари, оммавий бозорлар), аеропорт, вокзал ва автошохбекатларда “Санитария инқилоби”ни амалга ошириш кўзда тутилган.
Мазкур топшириқдан келиб чиқиб, Туризм ва маданий мерос вазирлиги биносида бўлиб ўтган ташкилий йиғилишда Туризм ва маданий мерос вазири ўринбосари Б.Шаҳриёров ҳамда тегишли вазирлик ва идоралар масъуллари иштирок этиб, республикамиз ҳудудларида ишларни ташкил этишда ҳудудий ишчи гуруҳларга амалий ва услубий ёрдам бериш мақсадида жорий йилнинг июн сентабр ойлари давомида турли вазирлик ва идоралар масъул ходимларидан иборат республика ишчи гуруҳнинг бевосита жойларга чиққан ҳолда ўрганишларни амалга оширишлари белгилаб олинди.
Унга кўра, республикамиздаги барча туризм намойиши объектларида санитария-гигиена шохобчаларининг мавжудлиги, санитария ва шаҳарсозлик нормалари ҳамда қоидалари талабларига мувофиқлиги бўйича хатлов ўтказилади.
Санитария-гигиена шохобчалари мавжуд бўлмаган туризм намойиши объектларида замонавий санитария-гигиена шохобчалари қурилиши ва таъмирланиши таъминланиб, уларда жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахслар, ёш болали ота-оналар учун зарурий шарт-шароитлар яратилганлигига эътибор қаратилади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги