АКТ вазири Америка IT компанияларини Ўзбекистонда минтақавий офисларини очишни таклиф этди
Ахборот технологиялари ва коммуникатсияларини ривожлантириш вазири Шерзод Шерматов Америка Қўшма Штатларининг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Дениел Розенблюм билан учрашиб, IT Паркнинг янги қурилаётган мажмуасида олиб борилаётган ишлар билан таништирилди.
Хабарингиз бор, жорий йилнинг 14 апрел куни давлатимиз раҳбари томонидан Ўзбекистонни минтақавий IT марказга айлантириш бўйича топшириқлар берилган эди.
Ушбу топшириқнинг ижросини таъминлаш мақсадида, Ўзбекистондаги хорижий давлатларнинг элчилари, етакчи мутахассислари, IT компаниялар вакиллари билан бир қатор учрашувлар ўтказилиб, ҳамкорлик масалалари муҳокама қилиб келинмоқда.
Ҳамкорлик масалаларини янада кенгайтириш мақсадида ўтказилган учрашувда ҳам дастлаб IT Паркнинг янги қурилаётган мажмуаси ва “Astrum” IT академияси фаолияти ҳақида тақдимот ўтказилди. Унда АКТ соҳасининг инфратузилмаси тубдан янгиланаётгани, бу эса дунёдаги катта IT компанияларни жалб этиб, IT Паркни яхлит комплекс тарзда ривожлантириш, IT вакиллари учун қулай муҳит яратиш мақсад қилинаётгани тушунтирилди.
Шундан сўнг АКТ вазири Элчини IT Паркнинг янги қурилаётган мажмуаси билан таништирди.
Бу ерда ёшларни етакчи хорижий компанияларга масофадан туриб хизмат кўрсатиш касбига, яъни аутсорсинг (БПО ва КПО) хизматларини кўрсатишга ўргатиш, хорижнинг етакчи IT компанияларини Ўзбекистонга жалб қилиш, мамлакатни минтақавий IT марказга айлантириш мақсад қилингани айтиб ўтилди.
Жумладан, АҚШ ва Ўзбекистон ўртасида IT соҳаларида ҳамкорлик янги босқичга чиқаётгани, АҚШ етакчи компанияларини Ўзбекистонга жалб қилиш, шунингдек, масофавий хизматлар кўрсатиш аутсорсинг (БПО ва КПО) марказларини ташкил этишда асосий ҳамкор бўлаётгани таъкидланди.
Таништирув жараёнида Ахборот технологиялари ва коммуникатсияларини ривожлантириш вазири Шерзод Шерматов Америка Қўшма Штатларининг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Дениел Розенблюмга Американинг IT компанияларини Ўзбекистонда минтақавий офисларини очишни таклиф этди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги