Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Амалий тадқиқот ташаббусларини қўллаб-қувватлаш дастури доирасида тадқиқотчилар ва тадқиқот гуруҳлари тақдирланди
2022-06-10 | Иқтисодиёт
«Аграр соҳада инновацион технологиялар» ҳафталиги доирасида Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ва USAIDнинг Агробизнесни ривожлантириш лойиҳаси ҳамкорлигида ташкил этилган Амалий тадқиқот ташаббусларини қўллаб-қувватлаш дастури доирасида тадқиқотчилар ва тадқиқот гуруҳларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) Агробизнесни ривожлантириш лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги билан ҳамкорликда Амалий тадқиқот ташаббусларини қўллаб-қувватлаш дастури доирасида агробизнес соҳасида тадқиқотчилар ва тадқиқот гуруҳларидан аризалар қабули 2022 йил 25 январь куни эълон қилинган. Иннновацион ривожланиш вазирлиги танловга келган 50 яқин аризаларни кўриб чиқди, улардан 5 тадқиқот лойиҳаси танлаб олинди ва ҳар бир лойиҳа USAIDдан тадқиқот олиб бориш ва натижаларини илмий журналларда нашр этишлари учун 30 миллион сўмгача маблағ топширилди.
- Илмий тадқиқот натижаларини илмий журналларда чоп этиш олимлар, мамлакатимиз илм-фани учун жуда аҳамиятли, - деди инновацион ривожланиш вазир ўринбосари Шахло Турдикулова. - Илм аҳлини молиявий қўллаб-қувватлаш йўлидаги бугунги тадбир ҳам бунинг ёрқин мисолидир. Қишлоқ хўжалиги соҳаси республикамиз илм-фанида энг катта маблағ ажратиладиган йўналишлардан бири. Шундай экан, олимларга тадқиқотларни муваффақиятли ўтказиб, илғор илмий журналларда ўз натижаларини нашр қилишларини тилаб қоламан.
Танлов ғолиблари Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази, Тошкент давлат аграр университети, Наманган давлат университети, Тошкент ирригация ва мелиорация институти ҳамда Марказий Осиё минтақавий иқтисодий ҳамкорлик институтлари (CАРЕC) ҳодимларидлан иборат тўртта тадқиқот гуруҳи ва мустақил тадқиқотчилардир. Тадқиқотлар ёшларнинг қишлоқ хўжалигида иштирок этиши, балиқ еми ишлаб чиқариш, полиз экинларини тўғри сақлаш ва қайта ишлаш каби Ўзбекистоннинг агробизнес сектори дуч келадиган кенг кўламли муаммоларни қамраб олди.
- Амалий тадқиқотлар қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар манбаи ҳисобланади. Фермерлар ва тадбиркорлар илмий тадқиқот ҳамжамиятидан кўмак олиш ва инновацион ечимлардан фойдаланиш имкониятига муҳтож. USAID илмий-тадқиқот институтлари ва маҳаллий агробизнес ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйишни қўллаб-қувватлайди. Бундай ҳамкорлик натижасида маҳаллий фермерлар ва агробизнес корхоналарни рақобатбардош бўлиши учун муваффақиятли бўлган технологиялардан фойдаланиш имкониятига эга бўлади,” дейди USAIDнинг Агробизнесни ривожлантириш лойиҳасининг раҳбари Кирк Реймер.
Мазкур ташаббус USAIDнинг беш йилга мўлжалланиб, Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан ҳамкорликда амалга оширилаётган Агробизнесни ривожлантириш лойиҳаси доирасида илгари сурилган. Лойиҳа Ўзбекистон қишлоқ хўжалигида хусусий сектор етакчилигидаги ўсиш жараёнларини қўллаб-қувватлаб, бунга муайян қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқаришнинг қиймат занжири бўйлаб қўшимча қиймат ҳажмини кўпайтириш имконини берадиган технологиялар ҳамда бошқарувнинг янги амалиётларини жорий этиш орқали эришилади. Мазкур саъй-ҳаракатлар Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг қўшимча қиймат кўрсаткичини ошириш, аёллар ва ёшларни қамраб олиш, таълим муассасаларининг фаолиятини хусусий сектор талабларига мослаштириш ҳамда қишлоқ хўжалиги учун қулай сиёсий қарор ва чора-тадбирларнинг жорий этилишига кўмаклашишга қаратилади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш агентлиги