Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган стратегиясида белгиланган вазифалар ижросини самарали ташкил этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида
2022-06-09 | Ҳужжатлар
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 23 октябрдаги “Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги ПФ–5853-сон ҳамда 2022 йил 28 январдаги “2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги ПФ–60-сон фармонлари ижросини таъминлаш мақсадида:
1. Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган стратегияси доирасида:
а) аҳолининг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бўйича давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва жорий этиш йўналишида 2022 йил якунига қадар:
Тошкент ва Фарғона вилоятларида Ўмон Султонлигининг Атяб интернейшнл сервис (Atyab International Service) компаниясини жалб этган ҳолда маҳсулот етиштирувчилар томонидан озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги, сифат назорати, халқаро тан олинган сертификация тизимларини ўз ичига олган, аккредитациядан ўтган лабораториялар ишга туширилади;
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги муассислигида Қўқон озиқ-овқат технологияси ва муҳандислиги халқаро институти ташкил этилади. Мазкур институтга халқаро таълим стандартлари даражасидаги халқаро бозорларда тан олинган сифат стандартларини (Global G.A.P, Organic, HACCP ва бошқалар) жорий этишга қодир юқори малакали кадрларни тайёрлаш вазифаси юклатилади.
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги (Ж.Ходжаев, А.Шукуров) 2022 йил якунига қадар озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича аккредитациядан ўтган лабораторияларни ишга тушириш, Қўқон озиқ-овқат технологияси ва муҳандислиги халқаро институтини ташкил этиш, унинг фаолиятини йўлга қўйиш чораларини кўрсин;
б) қулай агробизнес муҳитини ва қўшилган қиймат занжирини яратиш йўналишида жорий йил якунига қадар:
халқаро молия институтлари маблағлари ҳисобидан аграр соҳада умумий қиймати 400 миллион АҚШ долларигача бўлган миқдордаги инвестиция лойиҳалари ишга туширилади;
ҳар бир ҳудудда камида биттадан агрологистика марказлари барпо этилади. Мазкур марказларда халқаро бозорларда тан олинган сифат сертификатларини олиш имконияти яратилади.
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги (Ж.Ходжаев, Ш.Мирзаев, Х.Каримов) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда лойиҳаларни шакллантириш, ташаббускорларни аниқлаш ва уларни ўз вақтида ишга тушириш чораларини кўрсин;
в) соҳада давлат иштирокини камайтириш, инвестициявий жозибадорликни ошириш ва қишлоқ ҳудудларини ривожлантириш йўналишларида 2022 йил якунига қадар:
Жаҳон банкининг “Фарғона водийсида қишлоқ тадбиркорлигини ривожлантириш” лойиҳаси доирасидаги маблағлар ҳисобидан Андижон вилоятининг танлаб олинган Олтинкўл, Наманган вилоятининг Чуст ва Фарғона вилоятининг Риштон туманларида инновацион усулларни қўллаган ҳолда интенсив усулда мева-сабзавот етиштириш бўйича махсус (пилот) лойиҳалар амалга оширилади;
Туркиянинг Газиантеп пистачилик илмий-тадқиқот институти билан биргаликда Самарқанд вилоятида Ўзбекистон – Туркия пистачилик илмий маркази ташкил этилади, Туркиянинг серҳосил писта навлари коллекцияси асосида миллий писта навларини яратиш ва уларнинг оналик кўчатзорларини ташкил этиш ҳамда Нуробод туманини пистачиликка ихтисослаштириш чоралари кўрилади.
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги (Ж.Ходжаев, Х.Каримов, А.Шукуров) 2022 йил якунига қадар:
хусусий секторни жалб этган ҳолда мазкур туманларда амалга ошириладиган интенсив усулда мева-сабзавотчилик лойиҳаларини ишга тушириш чораларини кўрсин;
Самарқанд вилоятида Ўзбекистон – Туркия пистачилик илмий марказини ташкил этиш, миллий писта навларини яратиш ва Нуробод туманини пистачиликка ихтисослаштириш юзасидан Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин;
г) ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш йўналиши доирасида:
космик суратлар ва учувчисиз учиш аппаратларининг материаллари ҳамда дала кузатув маълумотларини таҳлил қилиш орқали 3 миллион гектардан ортиқ суғориладиган ерлар, 400 минг гектардан ортиқ кўп йиллик дарахтзорлар ва 450 минг гектардан ортиқ лалми ерларнинг тизимли мониторинги йўлга қўйилади;
Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда жорий йилда 1-иловада келтирилган прогноз кўрсаткичларга мувофиқ 133,5 минг гектардан ортиқ ер майдонлари қайта фойдаланишга киритилади ва ўзлаштирилади;
қишлоқ хўжалиги ерларининг геоахборот тизимида 6 турдаги асосий (пахта, ғалла, шоли, картошка, маккажўхори ҳамда мойли экинлар) қишлоқ хўжалиги экинларининг экилиши, вегетация даврини таҳлил қилиш йўлга қўйилади.
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги (Ж.Ходжаев, М.Рўзметов), Сув хўжалиги вазирлиги (Ш.Хамраев) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари 2022 йил якунига қадар мазкур кичик банддаги чора-тадбирларнинг ўз вақтида бажарилишига шахсан масъул эканлиги белгилаб қўйилсин;
д) қишлоқ хўжалигида илм-фан, таълим, ахборот ва маслаҳат хизматлари тизимини ривожлантириш йўналишида:
Андижон, Наманган, Фарғона, Жиззах, Самарқанд ва Хоразм вилоятларида агрохизматлар марказлари ташкил этилади ва 100 дан ортиқ хизматлар кўрсатиш йўлга қўйилади;
халқаро молия институтларининг жалб этилган грант маблағлари ҳисобидан:
2023 йил ҳосили учун маҳаллий шароитга мос серҳосил, касаллик ва зараркунандаларга, сувсизликка чидамли пахтанинг 4 та, бошоқли доннинг 6 та нави амалиётга жорий этилади;
хусусий секторни жалб қилган ҳолда, картошканинг серҳосил, касаллик ва зараркунандаларга, сувсизликка, шўрга чидамли вируссиз (“in vitro”) “Супер элита” ва “Элита” навларига мансуб 4 миллион дона (йилига) микротуганак етиштирилади;
ихтисослашган ҳудудларда картошка, жумладан, унинг янги навларини етиштириш бўйича кўргазмали дала майдонларини ташкил қилиш ва янги навларни ишлаб чиқаришга кенг жорий этиш чоралари кўрилади.
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги (А.Тўраев, Х.Каримов, А.Шукуров) 2022 йил якунига қадар 2023 йил ҳосили учун пахтанинг 4 та, бошоқли доннинг 6 та навини амалиётга жорий этсин, шунингдек, картошканинг 4 миллион дона (йилига) микротуганакларини етиштириш, ҳудудларда картошка етиштириш бўйича кўргазмали дала майдонларини ташкил қилсин ва янги навларини ишлаб чиқаришга кенг жорий этсин;
е) тармоқ статистикасининг шаффоф механизмини ишлаб чиқиш йўналишида 2022 йил якунига қадар:
“Ягона дарча” тамойили асосида фермер хўжаликларига пахта, ғалла ва бошқа маҳсулотларни етиштириш учун имтиёзли кредит ажратиш, суғурталаш, шартномаларни электрон расмийлаштириш, техникаларни лизингга олиш, агротехник тадбирларни амалга оширишда таъминот ва хизмат кўрсатишни ўз ичига олган “Агроплатформа” (agroplatforma.uz) ахборот тизими ишга туширилади;
қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларига ажратилаётган 26 турдаги субсидиялар бўйича ҳужжатларни тўплаш, кўриб чиқиш ҳамда ваколатли орган ва ташкилотлар билан келишиш жараёнларини “Агросубсидия” ахборот тизими орқали амалга ошириш йўлга қўйилади;
Фарғона ва Самарқанд вилоятларида сув баланси ва сарфи ҳисобини юритиш ҳамда ерларни тўғри суғориш ишларини масофавий мониторинг қилишнинг электрон модели ишлаб чиқилади.
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги (Ж.Ходжаев, Қ.Юлдашев), Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси (А.Исроилов), Сув хўжалиги вазирлиги (А.Назаров) маҳаллий ҳокимликлар билан биргаликда 2022 йил якунига қадар мазкур тизимларни ишга тушириш орқали электрон хизматларни кўрсатишни ташкил этсин.
2. Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган стратегиясида белгиланган вазифалар ижросини самарали ташкил этишга доир қўшимча чора-тадбирлар дастури (кейинги ўринларда – Дастур) 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
3. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги (Ж.Ходжаев, А.Шукуров):
а) 2022 йил якунига қадар Жаҳон банкининг маблағлари ҳисобидан:
хусусий секторни жалб этган ҳолда Ўзбекистонда мавжуд генофонддан самарали фойдаланиш, қишлоқ хўжалиги экинларининг бирламчи уруғчилиги ва дурагайларини яратишнинг самарали тизимини йўлга қўйиш мақсадида Ўзбекистон – Сербия қишлоқ хўжалиги экинлари уруғчилиги илмий марказини ташкил этиш;
Халқаро картошкачилик маркази (CIP) билан ҳамкорликда картошканинг серҳосил, касаллик ва зараркунандаларга, сувсизликка, шўрга чидамли навлари селекцияси ҳамда уруғчилигини йўлга қўйиш учун қўшма лойиҳани амалга оширсин;
б) Молия вазирлиги (Т.Ишметов) билан биргаликда бир ой муддатда Жаҳон банки иштирокидаги “Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш” лойиҳаси ҳисобидан қишлоқ хўжалигини рақамлаштириш лойиҳалари учун 20 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағларни йўналтириш чораларини кўрсин;
в) Халқаро қишлоқ хўжалиги университетини ташкил этиш, Тошкент давлат аграр университетини модернизация қилиш учун Жаҳон банки иштирокидаги “Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш” лойиҳаси ҳисобидан 17 миллион АҚШ доллари, Европа Иттифоқининг “Бюджетни қўллаб-қувватлаш” дастури маблағлари ҳисобидан 6 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағлар ажратилишини таъминласин.
4. Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясига Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан биргаликда мазкур қарорнинг мазмун-моҳияти ҳамда мақсад ва вазифалари оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиш тавсия этилсин.
5. Мазкур қарорнинг ижросини самарали ташкил этишга масъул ва шахсий жавобгар этиб қишлоқ хўжалиги вазири Ж.А.Ходжаев, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ва вилоятлар ҳокимлари белгилансин.
Мазкур қарор ижросини ҳар чоракда муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Бош вазир ўринбосари Ш.М.Ғаниев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси
Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ
Тошкент шаҳри,
2022 йил 7 июнь
Манба: ЎзА