Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасида
2022-06-08 | Жамият
Вазирлар Маҳкамаси Раёсатининг навбатдаги мажлисида ҳоким ёрдамчилари фаолиятини самарали ташкил этиш орқали аҳолининг даромадли меҳнат билан бандлигини таъминлаш борасида вазирликлар, идоралар ҳамда Наманган ва Сирдарё вилоятлари ҳокимликлари амалга ошираётган ишлар тўғрисидаги ҳисоботлар эшитилди.
Жорий йилда жойларда ушбу йўналишда қуйидагилар амалга оширилган:
Биринчидан, 9 309 нафар ҳоким ёрдамчиси маҳаллаларда ўз иш фаолиятини бошлади ва уларга амалий кўмак бериш учун иқтисодиёт ва инвестиция комплексларига кирувчи вазирликлар, идоралар, тижорат банкларининг ҳар бир туман (шаҳар)га бириктирилган 300 нафар раҳбар ходими бир йиллик хизмат сафарига юборилган.
Иккинчидан, ҳоким ёрдамчилари фаолиятини рақамлаштириш, инсон омилисиз улар фаолиятини мониторинг қилиш ва баҳолаб бориш мақсадида “Online-mahalla.uz” платформаси ишга туширилган.
Учинчидан, хонадонларда хатлов ўтказиш учун сўровнома, иш режа, маҳаллани иқтисодий ривожлантириш “йўл харитаси”нинг намунавий шакллари, 202 та кичик лойиҳани ўз ичига олган тайёр бизнес режалар ҳамда Smartposter тарғибот тўплами ҳоким ёрдамчиларига етказилган.
Тўртинчидан, ҳоким ёрдамчилари томонидан “маҳаллабай” ишлаш тизими бўйича маҳаллаларда уйма-уй юриб ўтказилган сўровномалар асосида хонадонлар хатловдан ўтказилиб, улар 4 тоифага ажратилган.
Шундан келиб чиқиб, ҳоким ёрдамчилари кўмаги билан 736 минг фуқаронинг бандлиги таъминланган, 54 минг фуқаро касб-ҳунар ва тадбиркорлик кўникмаларига ўқитилган. Шунингдек, 50 мингга яқин оилавий тадбиркорлик лойиҳасини амалга ошириш учун 1,3 триллион сўм кредит ҳамда аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш, уларга меҳнат қуроллари ва асбоб- ускуналари олиб бериш учун 19 миллиард сўмдан ортиқ субсидия ажратилган.
Наманган вилоятида 94,6 минг ва Сирдарё вилоятида 20,4 минг фуқаронинг бандлиги таъминланган. Шунингдек, Наманган вилоятида 5,1 минг ва Сирдарё вилоятида 2,6 минг фуқаро касб-ҳунарга ва тадбиркорлик кўникмаларига ўқитилган.
Энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари бўйича Наманган вилоятида 513 та, Сирдарё вилоятида 173 та ҳоким ёрдамчисининг фаолияти “қониқарли” баҳоланган.
Мажлисда эришилган ижобий натижалар қаторида жойларда ҳокимлар, уларнинг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосарлари, сектор раҳбарлари томонидан ҳоким ёрдамчилари фаолиятига етарли эътибор қаратилмагани ҳамда ўзаро самарали ҳамкорлик тизими йўлга қўйилмагани натижасида Наманган вилоятида 267 нафар, Сирдарё вилоятида 63 нафар ҳоким ёрдамчиси фаолияти “қониқарсиз” баҳолангани қайд этилди.
Муҳокама якунлари асосида республика комиссияси, мутасадди вазирлик ва идоралар, маҳаллий ҳокимликлар раҳбарларига ҳоким ёрдамчилари фаолияти самарадорлигини ошириш ҳамда “маҳаллабай” ишлаш тизими орқали аҳолини тадбиркорликка кенг жалб этиш ва бандлигини таъминлаш бў йича олиб борилаётган ишлар устидан таъсирчан назоратни кучайтириш юзасидан топшириқлар берилди. Хусусан:
Ҳоким ёрдамчилари фаолиятини ташкил этиш бўйича республика комиссияси (Қўчқоров)га: тижорат банклари томонидан “етакчи” тадбиркорларнинг самарали бизнес лойиҳалари асосида кредит маблағлари ўз вақтида ажратилишини таъминлаш;
ҳар бир туман (шаҳар)нинг “маҳаллабай” кесимидаги камбағалликни қисқартириш ва ҳудудни ривожлантириш дастурлари ишлаб чиқишда маҳаллий ҳокимликларга амалий ёрдам кўрсатиш;
ҳудудларда “маҳаллабай” ишлаш тизимини жорий этиш орқали аҳолини даромадли меҳнат билан бандлигини таъминлаш борасидаги ишларни доимий назоратга олиш;
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликларига: энг яхши натижа кўрсатган 14 нафар ҳоким ёрдамчисини мукофотлаш;
ҳоким ёрдамчилари фаолияти “қониқарсиз” деб баҳоланган маҳаллага борган ҳолда, муаммоларни ҳал қилиш бўйича “йўл хариталари”ни тасдиқлаш;
тижорат банклари ва ҳоким ёрдамчилари билан биргаликда ҳар бир маҳалла кесимида лойиҳа ташаббускорларини аниқлаш ҳамда уларга зарур кредит маблағларини ажратишга кўмаклашиш;
Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлигига:
республика вакиллари билан биргаликда тажрибали мутахассисларни жалб қилган ҳолда, фаолияти “қониқарсиз” деб топилган ҳоким ёрдамчиларини доимий ўқитишни ташкил этиш бўйича режа-жадвал ишлаб чиқиш;
маҳаллий ҳокимликлар билан биргаликда фаолияти “қониқарсиз” деб баҳоланган маҳаллада мавжуд шароитларни яхшилаш, тадбиркорликни ривожлантириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар самарадорлигини танқидий муҳокама қилиб бориш.
Муҳокама якунлари бўйича Вазирлар Маҳкамаси Раёсатининг тегишли қарори қабул қилинди.
Манба: «Янги Ўзбекистон»