Ўзбекистонга келувчи сайёҳлар учун коронавирус билан боғлиқ барча чекловлар бекор қилинди
Республика махсус комиссияси қарорига кўра, 2022 йилнинг 10 июнидан бошлаб Ўзбекистонга туризм мақсадида ташриф буюрувчи кишилар учун авиақатновлар, чегарадош темир йўл станциялари ва автомобил ўтказиш чегара пунктлари орқали ҳаракатланишида коронавирус инфексияси билан боғлиқ ўрнатилган вақтинчалик чекловлар бекор қилинади. Бу ҳақида Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Шу боис хорижлик сайёҳлар Ўзбекистонга келишидан олдин коронавирус инфекциясига PZR тест натижаси бўйича манфий натижали маълумотга эга бўлиши, коронавирус инфекциясига экспресс-антиген тест топшириши ҳамда тегишли тартибда эмланганлик сертификати ёки паспортига эга бўлиши талаб этиладиган Махсус комиссиянинг баёнлари билан киритилган коронавирус инфексияси билан боғлиқ қоидалар бекор қилинади.
Комиссия Ўзбекистонда коронавирус инфексияси тарқалиши ва касалланишнинг динамик пасайиши, коронавирус инфексияси билан касалланган ва шифохоналардан чиқарилаётганлар беморлар сонининг шифохонага ётқизилганлар сони, карантиндан чиқарилаётган фуқаролар сонининг карантинга олинаётганлар сонига нисбатан ижобий томонга ўзгарганлиги, шунингдек дунё мамлакатларида эпидемиологик вазиятни эътиборга олиб, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг тавсиялари ҳамда Туризм ва маданий мерос вазирлиги, Санитария-епидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматининг таклифларини инобатга олган ҳолда шундай қарорга келди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги