Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Баҳодирлар Хивада куч синашди
2022-06-06 | Туризм
Ўзбекистоннинг энг қадимий шаҳарларидан бири Хивада “Паҳлавон Маҳмуд – Баҳодирлар ўйини“ II Халқаро турнири якунланди.
Икки кун давом этган тадбир Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги, Бутунжаҳон стронгмен федерацияси ҳамда Хоразм вилояти ҳокимлиги билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Хива бундай мусобақани ўтказиш жойи сифатида бежиз танлангани йўқ. Бу қадимий шаҳар ХIII асрда Хоразмда туғилиб, файласуф, шоир ва полвон сифатида шуҳрат қозонган – Паҳлавон Маҳмуднинг Ватанидир. Ривоятларда Паҳлавон Маҳмуд умри давомида бор-йўғи бир жангда мағлуб бўлгани келтирилади.
– Бугун яна бутун дунё баҳодирлари Кўҳна ва ҳамиша навқирон Хоразмда жамланди, – дейди Хива шаҳар ҳокими Тимур Давлетов. – Хива “Ичон қалъаси”да 2019 йилда биринчи бор ўтказилган “Баҳодирлар ўйинлари” спорт туризми йўналишида халқаро алоқаларни ривожлантириш, туризм салоҳиятини тарғиб қилишга хизмат қилган эди.
Тадбирда дунёнинг 14 давлатидан энг кучли спортчилар қатнашди.
Мусобақанинг дастлабки шартлариданоқ унинг машаққати сезила бошлади. Бироқ, бардоши бутун баҳодирлар мушкул вазифани уддалашга жон жаҳди билан киришди.
– Мен Паҳлавон Маҳмудни, полвонлар пири, устозим деб биламан, – дейди эронлик спортчи Реза Гейтаси. – Уни кураги ерга тегмаган баҳодир сифатида бутун дунё билади. Мен олдинги турнирда ҳам иштирок этиб иккинчи ўринни қўлга киритганман. Бу сафар албатта мутлақ ғолиб бўлиш учун тайёрланиб келдим.
– Мен Ўзбекистонда иккинчи бор бўлишим, - дейди польшалик атлет Рафал Кобиларз. – Тошкентдаги спорт анжуманида қатнашганман. Бироқ Хивага келмагандим. Эски шаҳар ҳайратланарли. Бу ерда дунёнинг тенги йўқ баҳодирлари йиғилди. Мен ҳам улар билан бирга эканимдан хурсандман.
Баҳодирлар мураккаб шартларни бажарди. “Мўйноқ лангарини маълум масофага судраб бориш” ҳам мусобақа шартларидан бири эди. Мўйноқдан келтирилган Лангар қарийб бир тонна тош босди. Орол денгизининг муаммосини бир мамлакат ёки битта халқ ҳал эта олмагани сингари, лангарни ҳам бирорта спортчи силжита олмади. Бироқ дунё баҳодирлари “куч бирликда” деган нақлга амал қилиб, лангарни даст кўтариб масофани бирдамликда босиб ўтди.
Мусобақалар якунида ғолиблар эълон қилинди. Натижаларга кўра, Бутунжаҳон стронгмен федерацияси спортчиси Пётр Мартиненко учинчи, Янги Зелландиялик Ронго Кин иккинчи ўринни эгаллади. Эронлик паҳлавон Реза Гейтаси эса олий ўринга лойиқ кўрилди.
Турнирда ғолибларга пул мукофотлари, медаль ва статуэткалар топширилди. Куй-қўшиқлар ижро этилди.
Турнирда Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазири Азиз Абдуҳакимов, Бутунжаҳон стронгмен федерацияси Президенти Равшанхон Жўраев иштирок этди.
Аҳмаджон Шокиров
Манба: ЎзА