Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Туркияда Алишер Навоий илмий-тадқиқот маркази ташкил этилди
2022-06-03 | Маданият
2022 йил 2 июнь куни мамлакатимизнинг Туркиядаги элчихонасида туркий тиллар бўйича етакчи олим, Башкент университети профессори Абдураҳмон Гўзал бошчилигидаги бир гуруҳ ўқитувчилар иштирокида “Ўзбекистоннинг давлат тили соҳасидаги ислоҳотлари” мавзусига бағишланган давра суҳбати ташкил этилди
Тадбир чоғида туркиялик профессор-ўқитувчиларга мамлакатимизда тил сиёсати соҳасидаги янгиликлар, хусусан, Давлат тилини ривожлантириш департаменти фаолияти, лотин алифбосига ўтиш жараёни, элчихонада ташкил этилган «Ўзбек тилининг дўстлари» клуби аъзолари билан амалга оширилаётган лойиҳалар ҳақидаги батафсил маълумотлар тақдим этилди.
Профессор Абдураҳмон Гўзал мамлакатимизда ўзбек тилини ривожлантириш ва тил сиёсати соҳасидаги ислоҳотларни юқори баҳолар экан, ўтган йилнинг ноябрь ойида халқаро конференцияда иштирок этиш учун Ўзбекистонга борганини ёдга олди.
- Ўзбеклар заминида рўй берган ўзгаришларни ўз кўзим билан кўриб, тўғриси, жуда фахрландим, - деди у. - Чунки мен ўзбек тили, хусусан, ўрта асрларда ёзилган чиғатой тилидаги адабий матнлар устида қарийб 60 йилдан бери илмий тадқиқотлар юритиб келаман. Ота юрт Ўзбекистон доимо менинг қалбимда бўлган, ўзбек тилини жуда яхши кўраман. Бугун ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мақомини оширишга қаратилган ислоҳотларнинг натижаларига гувоҳ бўлдим. Бу бизни жуда қувонтиради. Яна бир жиҳат: ҳурматли Президент Шавкат Мирзиёевнинг шахсий ташаббуслари билан Туркий давлатлар ташкилоти доирасида туркий дунё бирлигига ҳисса қўшган зиёлилар учун Алишер Навоий номидаги халқаро мукофот таъсис этилгани ҳам биз адабиёт вакиллари учун жуда катта шараф бўлди. Бу бежиз эмас. Алишер Навоий – сўз мулкининг султони. Бу янгиликни Алишер Навоий меросини янада чуқур ўрганиш учун яна бир даъват, деб қабул қилдик ва шу боисдан университетимиз қошида Алишер Навоий номли тадқиқотлар марказини тузишга қарор қилдик.
Тадбирда сўзга чиққан Гази университети профессори Али Якижи адабиёт тарихида халқ оғзаки ижоди йўналишида илмий тадқиқотлар олиб бораётганини маълум қилди.
- Ўзбек бахшичилик санъати бўйича ҳам изланишлар олиб бораяпман, - деди олим. - Сўнгги йилларда Ўзбекистонда бахшичилик ва достончилик санъатига, бахши шоирлар ижодига бўлган эътибор жуда кучайди. Халқаро бахшичилик санъати фестивалларини мароқ билан кузатиб келмоқдамиз. «Бахшичилик санъати» ЮНEСКОнинг Инсоният номоддий маданий меросининг Репрезентатив рўйхатига киритилгани бизни бизни жуда қувонтирди. Бу ҳам ўзбек тили соҳасидаги ислоҳотларларнинг бир самараси, деб ўйлайман.
Давра суҳбати доирасида турк профессор-ўқитувчилари «Ўзбек тилининг дўстлари» клубига аъзоликка қабул қилинди. Янги тузилган Алишер Навоий номли тадқиқотлар маркази фаолиятини ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, ўзаро ҳамкорликда ўзбек тилининг нуфузи, жозибадорлиги ва имкониятларига бағишланган илмий тадбирлар ташкил этишга келишиб олинди. Бу йўналишдаги илк лойиҳа сифатида жорий йил 20 июнь куни ўзбек ва турк олимлари иштирокида Алишер Навоий меросига бағишланган халқаро илмий-амалий анжуман ўтказиш режалаштирилгани маълум қилинди.
Манба: “Дунё” ахборот агентлиги