Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Шаҳар депутатлар USAID'нинг масъул вакили билан учрашди
2022-06-03 | Сиёсат
Тошкент шаҳар ҳокимлигида АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID)нинг маҳаллий бошқарув масалалари бўйича маслаҳатчиси Майкл Кешишиан билан учрашув бўлиб ўтди. Меҳмон Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши котибияти мудири Абдумавлон Қосимов бошчилигидаги депутатлар гуруҳи билан мулоқот қилди.
Суҳбатда АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) томонидан Ўзбекистон учун давлат бошқаруви соҳасида янги лойиҳа ишлаб чиқилиши режалаштирилганлиги, хусусан, у Янги Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясида ушбу йўналишда белгиланган мақсад ва вазифалар қўллаб-қувватлашга қаратилганлиги айтиб ўтилди.
Майкл Кешишиан мазкур лойиҳа доирасидаги ишлар бир йил олдин бошланганлиги, у мамлакатимизга хизмат сафари давомида турли тадбирларда иштирок этиб, тегишли давлат идоралари масъуллари, олимлар, фуқаролик жамиятининг турли институтлари ва хусусий сектор вакиллари билан учрашаётганлигини билдирди. Шунингдек, USAID лойиҳасини амалиётга татбиқ этишда ҳокимликлар ҳамда бошқа ташкилот ва идораларга “Йўл харита”ларини ишлаб чиқиш ва бошқа масалаларда ёрдам беришга тайёрлигини маълум қилди.
Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши котибияти мудири Абдумавлон Қосимов ва депутатлар Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёвнинг 2017 йил 22 декабрдаги Олий Мажлис палаталарининг қўшма йиғилишида мамлакатимиз парламенти – Олий Мажлисга Мурожаатномасидан кейин маҳаллий Кенгашлар фаолиятида жонланиш рўй берганлигини эътироф этишди. Хусусан, кейинги йилларда Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши ва туман Кенгашлари фаолиятида ҳам жиддий ижобий ўзгаришлар кузатилаётгани қайд этилди.
Манба: Тошкент шаҳар ҳокимлиги