1 июнь куни қишлоқ хўжалиги вазири Жамшид Ходжаев ва Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ) Бош котиби Бағдод Амреев ўртасида бўлиб ўтган учрашув 2022 йил 3-4 июль кунлари ўтказилиши режалаштирилган ТДТга аъзо давлатлар ва кузатувчиларнинг қишлоқ хўжалиги вазирлари 1-йиғилиши ҳамда 1-Турк Агрофорумига тайёргарлик доирасида ташкил этилди.
Ишбилармон руҳда кечган мулоқот чоғида вазир Жамшид Ходжаев бўлажак тадбирларга тайёргарлик ҳақида маълумот берди. Жумладан, у Туркий Давлатлар Ташкилоти Кенгаши ва Иқтисодий Ҳамкорлик Ташкилотига (ИҲТ) бир вақтнинг ўзида раислик қилиш қизиқарли платформа яратиш имконини беришини таъкидлаб ўтди. “Дастлаб Туркий давлатлар агрофоруми, сўнгра ИҲТ йиғилиши ўтказилиб, уларнинг доирасидаги маданий дастур ва барча ташкилий тадбирлар бирлаштирилади, бу эса ўз навбатида дастурнинг қизиқарли ўтишига замин яратади”, – деди Жамшид Ходжаев.
Эслатиб ўтамиз, Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши негизида тузилган Туркий давлатлар ташкилотининг биринчи саммити 2022 йилда Ўзбекистонда ўтказилиши режалаштирилган. Бу ҳақдаги қарор 12 ноябрь куни Истанбулда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев иштирокида бўлиб ўтган Туркий кенгашнинг саккизинчи саммитида қабул қилинди.
Ўз ўрнида ТДТ Бош котиби Бағдод Амреев шундай фикр билдирди: “Бизнинг давлатларимиз яқиндан ҳамкорлик қилишмоқда. Форумга йирик ишлаб чиқарувчилар, компаниялар, хусусан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқарувчиларни кўпроқ таклиф қилишимиз керак. Яъни бизларни ҳамкор ҳудудларда фаолият юритадиган аграр соҳа вакиллари кўпроқ қизиқтиради. Улар бутун ҳудудимизни, ҳеч бўлмаса икки ёки учта давлатни қамраб олса яхши”
Сўнгра томонлар ушбу кенг кўламли минтақавий тадбирдан кутилаётган натижалар билан бир қаторда ташкилий масалаларни ҳам муҳокама қилдилар.
“Айни вақтда биз кўп томонлама ҳамкорлик Меморандуми ҳамда якуний баённомани тайёрлаяпмиз. Уларни таклиф этилаётган лойиҳаларга қўшиб, сизга ва ташкилотнинг бошқа аъзоларига тақдим этамиз. Якуний баённомада кооперация муносабатларини акс эттиришни истардик, чунки барча давлатларнинг қишлоқ хўжалиги ва тупроқ-иқлим шароитлари ўзига хос, – дея таъкидлаб ўтди қишлоқ хўжалиги вазири Жамшид Ходжаев. — Ушбу йўлда кучларни бирлаштириб, ҳамкорликда кооперация алоқаларини йўлга қўядиган бўлсак, у ҳолда нафақат қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ишлаб чиқаришни, балки ҳосил етиштиришнинг бутун қуёшли даврини қамраб оламиз. Масалан, Ўзбекистонда ҳамма нарса эрта гуллайди, ундан кейин ушбу жараён Тожикистон, Қирғизистон ҳамда Қозоғистонда кузатилади. Бундан ташқари, Қозоғистонда донли экинлар кўп етиштирилса, бизда Қирғизистон ва Тожикистонда бўлгани каби данакли мевалар сероб. Ушбу масалада биз рақобатчи сифатида эмас, балки айнан кооперация бўйича ҳамкорлар сифатида ишлашимиз мумкин. Бундай саъй-ҳаракатлар яхши натижа беришига ишончим комил”.
Шунингдек, учрашув давомида Жамшид Ходжаев ва Бағдод Амреев бир қатор бошқа масалаларни ҳам муҳокама қилишди. Будапештда ТДТ ҳомийлигида “Ybl Villa” боғини ташкил этиш доирасида сўралган 50 туп дарахт кўчати ва 200 туп лолани (Қўқон наъматаги, лола турлари, Туркман ноки, оддий анор, шарқона хурмо, Константинопол беҳиси, Сиеверс олмаси) етказиб бериш бўйича ишлар ҳозирда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан олиб борилаётгани айтилди. Уларни июнь ойининг оҳирида жўнатиш режалаштирилган.
Бундан ташқари, вазир Туркий давлатлар ташкилоти ҳузурида Қурғоқчиликнинг олдини олиш институтини ташкил этиш ва унинг кейинги фаолияти доирасида ТДТ котибияти ҳамда венгриялик ҳамкасблар билан фаол ҳамкорлик қилишга тайёрлигини таъкидлади. Ушбу институтни ташкил этиш таклифи ТДТ 8-саммитида Венгрия Бош вазири В. Орбан томонидан киритилган эди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги