Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Электрон рақамли имзодан фойдаланишнинг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланмоқда
2022-06-02 | Технологиялар
Бугунги кунда мамлкатимизда аҳолига давлат хизматларини қулай ва осон шаклларда кўрсатиш кўламини ошириш, фуқароларнинг идорама-идора сарсон бўлиб юришининг олдини олиш, давлат органлари ахборот тизимида мавжуд маълумотларни ишончли ҳимоя қилиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмлоқда.
Кундалик фаолиятимиз рақамли оламга кўчар экан, виртуал тармоқда эркин ва хавфсиз, ишончли ҳаракатланиш, шахсни тасдиқлаш ва жараёнларни электрон амалга оширишда ҳар бир кишига электрон рақамли имзога зарурат туғилади. Юртимизда электрон рақамли имзодан фойдаланиш соҳасидаги муносабатлар 2003 йилда қабул қилинган “Электрон рақамли имзо тўғрисида”ги Қонун билан тартибга солиниб келинмоқда. Ушбу қонунга ўтган вақт давомида уч маротаба ўзгартириш киритилди.
Таъкидлаш жоиз, электрон рақамли имзо — электрон ҳужжатни ўзгартириш ёки қалбакилаштиришдан ҳимоя қилувчи, файлнинг рақамли атрибути ҳисобланади. Электрон рақамли имзо қўллаш натижасида электрон ҳужжатларни имзолаш (қоғоз сарфини камайтиради), масофадан туриб давлат хизматларидан ва давлат органлари ва ташкилотларининг бошқа маъмурий тартиб-таомиллардан электрон шаклда фойдаланиш имконияти яратилади.
Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали бугунги кунда 300 дан ортиқ электрон давлат хизматлари тақдим этилмоқда. Шулардан 130 дан ортиғи электрон рақамли имзони талаб қилади. 2021 йилда Ягона порталдаги электрон давлат хизматларидан масофавий фойдаланиш мақсадида мазкур хизматлар орқали 9,2 млн.та ариза келиб тушган. 2026 йилга бориб 700 дан ортиқ давлат хизматлари Ягона портал орқали электрон шаклда тақдим этиб борилишини инобатга олсак, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига электрон рақамли имзони олиш ва ундан самарали фойдаланиш имкониятини яратиб беришимиз лозим бўлади.
Президентимизнинг “Рақамли Ўзбекистон — 2030” стратегиясини тасдиқлаш ва уни самарали амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”гм ҳамда “Шартномавий муносабатларни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” Фармонлари билан электрон рақамли имзо калитлари инфратузилмасини халқаро талабларга мослаштириш ҳамда учинчи ишончли томон, булутли электрон рақамли имзо тушунчаларини амалиётга жорий этишни, чет давлатларнинг электрон рақамли имзолар калитлари сертификатларини Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тан олиш бўйича қоидаларни киритишни назарда тутган ҳолда бу борадаги меъёрий-ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш, “Электрон рақамли имзо тўғрисида”ги Қонунининг янги таҳририни ишлаб чиқиш белгиланган.
Шунга мувофиқ, “Электрон рақамли имзо тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳрирдаги лойиҳаси ишлаб чиқилди. Мазкур қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасида биринчи ўқишда қабул қилиниб, айни кунларда иккинчи ўқишга тайёрланмоқда.
Энг муҳими, қонун лойиҳасидаги нормалар электрон ўзаро ҳамкорлик иштирокчиларига қулайлик яратиш ва электрон рақамли имзодан фойдаланишда юзага келадиган тўсиқларнинг олдини олишга қаратилган бўлиб, электрон рақамли имзодан фойдаланиш ролини кучайтириш, жамиятда электрон рақамли имзонинг ҳуқуқий аҳамиятини кучайтирилишини таъминлайди.
Шунингдек, электрон рақамли имзо калитлари сертификатларини қоғоз кўринишда беришни бекор қилиш орқали фойдаланувчиларга электрон рақамли имзо калитларини бериш жараёни соддалаштирилади ва тезлаштирилади, бу эса электрон давлат хизматларини тақдим этиш имкониятларини оширади.
Қонун лойиҳасига асосан ишончли учинчи томон ташкил этилиши билан хорижий давлатнинг электрон рақамли имзоси Ўзбекистон Республикасида тан олинади. Ишончли учинчи томон хизматининг яратилиши билан нафақат йирик, балки ўрта ва кичик холдаги инвесторларнинг хам ўз инвестицияларини ҳимоя қилиш, бизнес фаолиятини кенгайтириш имконини беради.
Яна бир муҳим масала. Қонун лойиҳаси билан булутли электрон рақамли имзо тушунчаси жорий этилиши эвазига фойдаланувчиларга доимий равишида ўзи билан маълумот ташувчи қурилмаларни (масалан, флешка) олиб юришга зарурат қолмайди. Қонун лойиҳасини такомиллаштириш жараёнида депутатлар, экспертлар берган таклифлар атрофлича таҳлил қилиниб, ундаги нормалар улар асосида маромига етказилмоқда.
Хулоса қилиб айтганда, қонун лойиҳасида белгиланаётган нормалар аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига электрон рақамли имзо калитларини олишда кенг қулайликлар яратишга, ундан фойдаланишни янада соддалаштириш эвазига аҳолининг кундалик ҳаётини енгиллаштиришга, фуқароларнинг сарф-ҳаражатини камайтиришга хизмат қилади.
Бахтиёр МАНИЯЗОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати
Манба: Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси