Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Инновацион ривожланиш вазири олимларни қабул қилди
2022-05-30 | Жамият
Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 11 сентябрдаги «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида» ЎРҚ-445-сон Қонунига мувофиқ, Инновацион ривожланиш вазирлигида жисмоний ва юридик шахсларнинг вакиллари билан мунтазам равишда тегишли ишлар олиб борилмоқда.
Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов навбатдаги шахсий қабулида Тошкент давлат аграр университети Қишлоқ хўжалиги фитопатологияси кафедраси профессорлари б.ф.д Хасанов Ботир Очилович ва қ.х.ф.д. Гулмуродов Рискибой Абдиевични, Тошкент тиббиёт академияси Асаб касалликлар кафедраси профессори, т.ф.д Асадуллаев Мақсуд Маҳмудович ва ёш олим Исоқжон Позиловни қабул қилди. Учрашув қизғин мунозарага бой бўлиб, унда фуқароларнинг вазирлик томонидан эълон қилиб бориладиган лойиҳа танловлар доирасида топширган лойиҳани кўриб чиқиш жараёни ва натижаси юзасидан эътирозлари, фаолиятини кенгайтириш, ишланма ва лойиҳаларни амалиётга жорий этиш бўйича режалари ва бошқа масалалар кенг муҳокама этилиб, билдирилган фикр ва таклифлар Инновацион ривожланиш вазири И.Абдураҳмонов томонидан тингланди ҳамда тегишли тавсиялар берилиб, амалий ёрдам кўрсатишга келишиб олинди.
Хусусан, ТошДАУ илмий ходимлари Б.Хасанов ва Р.Гулмуродовларга «Ўрмон ерларида Зверобой – Hypericum ва қизилмия – Glycyrrhiza доривор ўсимликларининг илдиз чириш, ун шудринг ва фузариоз касалликларига қарши биологик кураш агротехнологиясини ишлаб чиқиш» мавзусидаги амалий лойиҳаси мукаммаллаштирилган ҳолда топширилиши лозимлиги қайд этилди.
Шунингдек, Исоқжон Позиловнинг ўз илмий тадқиқот ишларини амалга ошириши учун республика илмий-тадқиқот муассасалари илмий лабораторияларидан бирига ишга қабул қилиш масаласи кўриб чиқилди ва ижобий ечим топилди.
Бундан ташқари, Тошкент тиббиёт академияси Асаб касалликлари кафедраси профессори М.Асадуллаевнинг илмий ишларини вазирликнинг Ахборот хизмати томонидан оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилишига келишилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш агентлиги