Бугун Спортни ривожлантириш вазирлигида вазир Адхам Икрамов ва Эрон Ислом Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Ҳамид Наййирободий ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Мазкур учрашувда икки давлат ўртасида спортни янада ривожлантириш, мураббийлар ва спортчилар ўртасида тажриба алмашиш учун зарур платформаларни ташкил этиш, миллий спорт турларини ривожлантириш ҳамда спортчиларни халқаро мусобақаларга тайёрлашда ўзаро ҳамкорлик қилиш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашув давомида Спортни ривожлантириш вазири яқинда бўлиб ўтган ШҲТнинг спорт вазирлари учрашуви, Осиё Олимпия Кенгаши (ООК) Ижроия қўмитасининг 77-йиғилиши ҳамда Миллий Олимпия қўмитасининг 30 йиллигига бағишланган халқаро тадбирлар ҳақида тўхталиб ўтди.
Шунингдек, вазир томонидан Эрон Ислом Республикаси билан ҳамкорлик қилиш нафақат вазирлик, балки бутун спорт ҳамжамияти учун манфаатли эканлиги таъкидланди.
Шу қаторда Эрон Ислом Республикаси элчиси томонидан самимий ва очиқ мулоқот учун миннатдорлик билдирилиб, Ўбекистон ҳамда Эрон мамлакатлари ўртасида ҳам иқтисодий, ҳам гуманитар соҳаларда икки томонлама алоқалар жуда тез фурсатда янги поғонага чиққани маълум қилинди. Элчи ўз сўзини давом эттирар экан, икки мамлакат ўртасида спорт соҳасидаги ҳамкорлик узоқ тарихга бориб тақалиши, икки мамлакатнинг ирода ва куч тимсолига айланиб улгурган Паҳлавон Маҳмуд номи билан Эронда очилган кураш мактаби бунинг яққол мисоли эканлиги таъкидланди.
Шу билан бирга ҳозирги кунда икки мамлакатнинг спорт соҳасига масъл идоралари ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланиши икки томонлама алоқаларни янги босқичга олиб чиқиши маълум қилинди.
Дўстона ва самимий руҳда ўтган мулоқотда спорт соҳасини янги даражага олиб чиқиш ва ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга келишиб олинди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги