2022 йил 27 май куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси ва Финляндия Республикаси Ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги сиёсий маслаҳатлашувларнинг ўнинчи давраси бўлиб ўтди.
Томонлар делегатсияларига Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Ғайрат Фозилов ва Финляндия Ташқи ишлар вазирлигининг Россия, Шарқий Европа ва Марказий Осиё бўйича департаменти бош директори Мария Лиивала бошчилик қилди.
Мулоқот чоғида Ўзбекистон ва Финляндия ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, туризм, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги муносабатларнинг ҳолати ва уни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Долзарб ва амалий аҳамиятга эга ҳужжатлар орқали иқтисодий дипломатияни такомиллаштириш ва икки томонлама ҳамкорликнинг шартномавий-ҳуқуқий базасини кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини ошириш, қўшма инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш бўйича таклифлар кўриб чиқилди.
Таълим соҳасидаги ҳамкорликни чуқурлаштириш, жумладан, ўзаро ташрифлар, семинарлар, тренинглар ва бошқа тадбирларни ташкил этиш орқали таълим муассасалари ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш, икки мамлакат таҳлилий марказлари ўртасида алоқаларни йўлга қўйишдан ўзаро манфаатдорлик билдирилди.
Шунингдек, минтақавий масалалар ҳамда БМТ, Европа Иттифоқи ва бошқа кўп томонлама тузилмалар доирасидаги ҳамкорлик юзасидан фикр алмашилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги