Қоҳира шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири ўринбосари Фурқат Сидиқов ва Миср халқаро ҳамкорлик вазири ўринбосари Шерихан Бихейт хоним билан учрашди.
Мулоқот чоғида Ўзбекистон ва Миср ўртасидаги Ҳукуматлараро қўшма комиссиянинг самарали фаолияти савдо-иқтисодий ва инвестициявий соҳалардаги алоқалар ривожида муҳим ўрин тутиши қайд этилди.
Иқтисодий алоқаларни сезиларли жонлантириш, савдо ҳажмини мамлакатларимиз салоҳиятига мос келадиган янги, юқори сифат даражасига кўтариш мақсадида Ҳукуматлараро қўшма комиссиянинг навбатдаги 7 йиғилишини 2022 йилнинг иккинчи ярмида Тошкентда ўтказишдан томонлар манфаатдорлиги тасдиқланди.
Суҳбат давомида ташқи савдо юкларининг логистика харажатларини камайтириш ва маршрутларни оптималлаштириш мақсадида икки мамлакат транспорт вазирликлари ўртасида Ишчи гуруҳни ташкил этиш ҳамда ҳамкорлик битимини имзолаш имконияти ҳам кўриб чиқилди.
Қоҳирадаги Элчихонамиз хабар беришича, учрашувда мамлакатларимизда фаолият кўрсатаётган эркин иқтисодий ҳудудларда ўзаро ҳамкорликда фармацевтика, замонавий қурилиш материаллари, тўқимачилик ва туризм инфратузилмаси соҳаларини ривожлантиришга оид қўшма лойиҳаларни амалга оширишга қизиқиш билдирилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги