Қоҳира шаҳрида Ўзбекистон Республикаси ва Миср Араб Республикаси Ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги сиёсий маслаҳатлашувларнинг 10-давраси бўлиб ўтди.
Маслаҳатлашувлар Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири ўринбосари Фурқат Сидиқов ва Миср Ташқи ишлар вазири ўринбосари Айман Комил раҳбарлигида ўтказилди.
Томонлар Ўзбекистон ва Миср ўртасидаги дипломатик алоқалар ўрнатилганлигининг 30 йиллиги билан бир-бирларини қутлар экан, икки давлатда сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестицион, туризм, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни янада жадаллаштириш учун кенг имкониятлар мавжудлигини тасдиқладилар.
2018 йилнинг 4-5 сентабр кунлари Тошкентда, 2022 йил 5 февралда Пекинда Президентлар Шавкат Мирзиёев ва Абдулфаттоҳ ас-Сиси ўртасида бўлиб ўтган олий даражадаги музокаралар икки томонлама муносабатларни сифат ва мазмун жиҳатдан янги босқичга олиб чиққанлиги қайд этилди.
Халқларимизга хос бўлган тарихий ва маданий муштараклик ҳамда урф-одатларнинг яқинлиги ва ўхшашлиги Ўзбекистон-Миср муносабатларининг мустаҳкам пойдевори сифатида хизмат қилаётганлиги алоҳида кўрсатиб ўтилди.
Ўзбекистон Республикасининг Қоҳира шаҳридаги Элчихонаси маълумотига кўра, суҳбат давомида икки давлат ишбилармонлари ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни қўллаб қувватлаш, ўзаро сайёҳлар оқимини ошириш, таълим, диний-маърифий, инновация, соғлиқни сақлаш, хавфсизлик каби устувор соҳаларда алоқаларни кенгайтириш, буюк алломаларимиз меросини тадқиқ этиш, музейшунослик ва археологик ёдгорликлар йўналишларида қўшма лойиҳаларни илгари суришга алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, халқаро ташкилотлар доирасидаги алоқалар ва минтақавий долзарб масалалар юзасидан фикр алмашилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги