Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасида

2022-05-25 | Иқтисодиёт

2022 йил 23 май куни Вазирлар Маҳкамаси Раёсатининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.

Унда “Томорқа хўжалиги тўғрисида”ги қонун ижроси юзасидан Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ҳамда вилоятлар ва туманлар ҳокимликлари томонидан амалга оширилган ишлар билан бирга, йўл қўйилган камчиликлар таҳлил қилинди. 

Ушбу қонунга асосан, томорқа ерларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, шунингдек, аҳолининг тадбиркорлик ташаббусларини молиявий дастаклаш, бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш, кўмакка муҳтож оилалар, хотин-қизлар ва ёшларни қўллаб-қувватлаш, томорқачиликни ривожлантириш истиқболларини ҳисобга олган ҳолда, илғор хорижий тажриба ва агротехнологиялар бўйича етарли билим ва малакага эга кадрлар тайёрлашга қаратилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди ва ишлаб чиқаришга жорий этилди.

Хусусан, Ўзбекистон Президентининг 2 та фармони, 9 та қарори ҳамда ҳукуматнинг 15 та қарори ва 6 та амалий чора-тадбирлар дастури қабул қилинди.

Мазкур норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида томорқа хўжаликлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш мақсадида бир қатор имтиёзлар берилди.

Жумладан: парранда, курка, қуён, қўй ва эчки, асалари уяси харид қилиш, интенсив усулда балиқ боқишни йўлга қўйиш, шунингдек, “дала дўконлари” қуриш, артезиан қудуқлар қазиш, полиз, дуккакли, мойли экинлар, картошка етиштириш ва сабзавотчилик учун 1 йиллик имтиёзли давр билан 3 йил муддатга имтиёзли кредитлар ажратиш;

ихчам иссиқхоналар қуриш, кичик интенсив боғдорчилик, лимончилик ва узумчилик билан шуғулланишга ҳамда қиш лоқ хўжалиги техникаси харид қилишга 3 йиллик имтиёзли давр билан 7 йил муддатга 14 фоиз ставкада имтиёзли кредитлар ажратиш; томорқа ер эгалари билан кооперация асосида иш ташкил этган тадбиркорлик субъектларига омборхоналарни жиҳозлаш, қуритиш, саралаш ва қадоқлаш ускуналарини харид қилиш харажатларининг 30 фоизи миқдорида, бироқ 150 миллион сўмдан ортиқ бўлмаган ҳажмда субсидия ажратиш;

шунингдек, бюджет маблағлари ҳисобидан сув таъминоти оғир ҳудудлардаги аҳоли томорқа ерларини суғориш учун вертикал суғориш қудуқлари бурғилаш, дарёлар, каналлар ва бошқа сув объектларидан сув чиқариш воситаларини сотиб олиш ва ўрнатиш билан боғлиқ харажатларнинг бир қисмини қоплаш учун субсидия ажратиш каби кўплаб имтиёзлар берилди.

Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликларига томорқа хўжаликларини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар билан бир қаторда, жойларда ҳали фойдаланилмаган имкониятлар, ҳудудларнинг тупроқ-иқлим шароитидан келиб чиқиб маҳаллаларни муайян экин турини етиштиришга ихтисослаштириш, таъминотчи, тайёрлов ва хизмат кўрсатувчи ташкилотлар билан томорқа хўжаликлари ўртасида ўзаро манфаатли муносабатларни йўлга қўйиш каби ўз ечимини кутаётган бир қатор масалалар кўрсатиб ўтилди.

Шу билан бирга, мажлисда 2022 йил учун мақсадли вазифалар белгиланиб, бунда қуйидаги устувор вазифалар долзарблиги алоҳида таъкидланди:

биринчи — 5,5 миллиондан ортиқ аҳолининг 509 минг гектар томорқа еридаги эртаки экинлардан, деҳқон хўжаликларининг такрорий (ўртаки) экинларидан ҳамда тўқсонбости усулида экилган сабзавот экинларидан жами 15,2 миллион тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирилишини таъминлаш;

иккинчи — узумчиликка ихтисослашган маҳаллалардаги аҳоли томорқасида серҳосил, экспортбоп узум навлари экиш чораларини кўриш, шунингдек, 42 миллион туп тут ва мевали дарахт кўчатлари экиш;

учинчи — “Бир маҳалла — бир маҳсулот тамойили” асосида 4 минг 109 та маҳаллани муайян турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришга ихтисослаштириш, 133,3 мингта аҳоли томорқасида ихчам иссиқхоналар ташкил этиш;

тўртинчи — аҳоли томорқаларига комплекс хизмат кўрсатишни ташкил этиш мақсадида мамлакатнинг мева-сабзавот кўп етиштириладиган 36 та туманида томорқа хизмати кластерлари фаолиятини йўлга қўйиш;

бешинчи — аҳоли томорқаларига кафолатланган кўчат ва уруғларни тизимли етказиб бериш, етиштирилган маҳсулотни сотишни ташкил қилиш учун аҳоли гавжум маҳаллаларда кичик сиғимли музлаткичга эга бўлган енгил конструкцияли 2 000 та “дала дўкони” ташкил қилиш;

олтинчи — сув таъминоти оғир бўлган қишлоқ ва овулларда қазиладиган артезиан қудуқлар учун 100 миллиард сўм субсидия ажратиш;

еттинчи — “Темир дафтар”, “Ёшлар дафтари”, “Аёллар дафтари” ҳамда томорқа ерларидан самарали фойдаланган фуқароларга аукцион орқали 10 йилга деҳқон хўжалиги сифатида берилган 80 минг гектар майдонга қишлоқ хўжалиги экинлари экилишида амалий ёрдам кўрсатиш;

саккизинчи — томорқа ер эгаларини ва “Томорқа хизмати” МЧЖларни қўллаб-қувватлаш учун Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳузуридаги Фермер хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармасидан йил давомида 390 миллиард сўм ажратиш каби бир қатор вазифалар белгилаб берилди.

Мажлис якунлари бўйича Вазирлар Маҳкамаси Раёсатининг тегишли қарори қабул қилинди. 

Манба: «Янги Ўзбекистон»

Поделиться