Мамлакатимизнинг Туркиядаги Элчихонаси ташаббуси билан Ўзбекистон Халқаро ислом академияси ва Туркия Стратегик тафаккур институти билан ҳамкорликда Анқара шаҳрида “Ўзбекистон – ислом тамаддуни маркази” номли анжуман ташкил этилди.
Тадбир давомида ўз маърузалари билан чиқиш қилган ўзбекистонлик профессор-ўқитувчилар буюк аждодларимизнинг жаҳон тамаддуни, диний ва дунёвий илмлар ривожига қўшган ҳиссаси, “Янги Ўзбекистон – Учинчи Renessans” шиори остида бугунги кунда мамлакатимизда рўй бераётган умуммиллий юксалиш ҳақида атрофлича маълумот бердилар.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилган илм-маърифат масканлари – Имом Бухорий ва Имом Термизий илмий-тадқиқот марказлари, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ва Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказларида буюк алломаларимизнинг улкан илмий, диний-маънавий меросини чуқур ўрганиш, улар яратган асарларнинг илмий-изоҳли таржима ва қиёсий матнларини нашр этиш бўйича амалга оширилаётгн ишлар турк афкор оммаси, хусусан, Анқара шаҳридаги олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчилари томонидан юксак эътироф ила қарши олинди.
Тадбирда икки мамлакат ўртасида илмий-маърифий соҳада ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги