Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Болгарияда дунё полвонлари Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун курашади
2022-05-24 | Спорт
Жорий йилнинг 28-29 май кунлари Болгариянинг Бургас шаҳрида кураш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун халқаро турнир ўтказилади.
Мазкур халқаро турнир олдидан Спортни ривожлантириш вазирлигида ўтган матбуот анжуманида нуфузли турнирнинг аҳамияти хусусида сўз борди.
Анжуманда Миллий Олимпия қўмитаси қошидаги кураш бўлими бошлиғи Камол Усмонов ҳамда Ўзбекистон кураш федерацияси бўлим бошлиғи Зарнигор Юсупова Болгарияда ўтадиган нуфузли мусобақа тартиби, мақсади, иштирокчи давлатлар хусусида журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб беришди.
Жумладан, мусобақаларнинг айнан Европа мамлакатларида ташкил этилиши миллий курашимиз қамровини халқаро миқёсда кенгайишига, шунингдек, халқимизга хос миллий урф-одатларни тарғиб қилишда ва Ватанимиз спорт салоҳиятини жаҳон спорт майдонларида янада танитишга хизмат қилади. Анжуман давомида юртимиз спортчиларининг Болгария беллашувларига тайёргарлик жараёни ва делегация таркиби ҳақида ҳам маълумот бериб ўтилди.
Таъкидланганидек, Қора денгиз бўйида жойлашган Бургас шаҳрида кечадиган кураш мусобақаларида 20га яқин давлатнинг сара полвонлари беллашади. Эркаклар 73, 90 ҳамда +90 кг. вазн тоифаларида, аёллар эса 63 ва +63 кг вазнда ғолиблик учун гиламга чиқишади.
Матбуот анжуманида айтилганидек, эркаклар ўртасида +90 кг. вазнда кураш бўйича қитъа ва Жаҳон чемпиони, Осиё ўйинлари ғолиби Муҳсин Ҳисомиддинов, қизлар ўртасида 63 килограмм оғирликда кўп карра мамлакат чемпиони Маликахон Қаҳҳорова Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилиши белгиланган.
Миллий спортимиз курашни дунё бўйлаб оммалаштириш мақсадида ўтказилаётган Болгариядаги кураш мусобақалари доирасида халқимизга хос анъаналар, санъатимиз дурдоналари ҳам кенг намойиш этилиши режалаштирилмоқда.
Манба: ЎзА