Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
«Мирзо Улуғбек ворислари» Республика танлови финал босқичи ғолиблари тақдирланди
2022-05-23 | Ёшлар
Пойтахтдаги Тошкент шаҳар ёшлар марказида ўтказилган «Мирзо Улуғбек ворислари» Республика танловининг финал босқичи ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
«Истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш «Улуғбек» жамғармаси, Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳамда Ёшлар ишлари агентлиги томонидан ташкил этилган интеллектуал мусобақанинг якуний босқичига жами 280 нафар иштирокчи етиб келди.
3 кун давом этган беллашувлар қизғин баҳс ва унутилмас таассуротларга бой бўлди. Республиканинг турли ҳудудларидан келган иқтидорли ёшлар, навқирон тадқиқотчилар бир нуқтада жам бўлишди, мусобақа кунларида улар ўзаро билим ва тажриба алмашиб, фикрлари билан ўртоқлашиш, янги дўстлар орттириш имкониятига ҳам эга бўлишди. А, Б, C гуруҳларга бўлинган қатнашчилар тақдимотлар вақтида бир-бирларини қўллаб-қувватлаб туришди.
Якуний босқичда иштирокчилар ҳайъат аъзоларига мини-технологиялар, робототехника, инновацион хизматлар, дастурлаш, ВР ва АР, қишлоқ хўжалиги ва биотехнология, муқобил энергия, соғлиқни сақлаш, сунъий интеллект, 3Д прототиплаш каби йўналишлар бўйича ўз лойиҳа ва ишланмаларини тақдим этишди. Махсус комиссия томонидан қўйилган баллар натижаларига кўра, 100 нафар ғолиб саралаб олинди. Уларга БҲМнинг 20 баравари (5 400 000 сўм) миқдорида пул мукофотлари топширилди. Бундан ташқари, ғолиблар «Истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш «Улуғбек» жамғармаси томонидан ташкил этиладиган мақсадли ўқув курсларида бепул ўқиш имкониятига ҳам эга бўлишди.
Шунингдек, яна бир қатор истиқболли лойиҳалар 11та номинацияда муносиб тақдирланди.
Ёпилиш маросимда Иқтидорли ёшларни қўллаб қувватлаш «Улуғбек жамғармаси» раиси Оқил Салимов, Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов, Олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов ва Инновацион ривожланиш вазири маслаҳатчиси Исажон Султон сўзга чиқдилар ва танлов иштирокчиларини ушбу босқичгача етиб келганлари билан табриклаб, уларга келгуси фаолиятларига улкан зафарлар тиладилар. Танлов ташкилотчилари келгусида ҳам шу каби мусобақаларни кўпроқ ўтказиш, уларнинг қамров доирасини янада кенгайтириш ниятида эканликларини билдиришди.
Асосий мақсади билим олишга интилаётган иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш, иқтисодиётнинг турли тармоқларига жорий қилса бўладиган, аҳоли фаровонлигини оширишга хизмат қиладиган инновацион лойиҳаларни амалга оширишга кўмаклашишдан иборат бўлган танловда кўпгина иқтидорлар кашф этилди. Ёшлар ўртасида ўзига хос анъанага айланиб улгурган кенг қамровли мусобақалар, етишиб чиқаётган янги кадрлар учун таянч нуқтаси бўлиб хизмат қилади. Уларнинг келгуси фаолиятига салмоқли ҳисса қўшади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш агентлиги