Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Доривор ўсимликларни маданий ҳолда етиштириш ва қайта ишлаш ҳамда даволашда улардан кенг фойдаланишни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида
2022-05-23 | Ҳужжатлар
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори
Доривор ўсимликларни маданий ҳолда етиштириш ҳамда қайта ишлашни ташкил этиш, доривор ўсимликларнинг маданий плантацияларини барпо этишни қўллаб-қувватлаш, шунингдек, касалликларнинг олдини олиш ва даволашда доривор ўсимликларни кенг қўллаш мақсадида:
1. Қуйидагилар:
2022-2026 йилларда Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда доривор ўсимликлар плантацияларини барпо этиш учун ер майдонларини ажратишнинг йиғма мақсадли кўрсаткичлари 1-иловага мувофиқ;
2022-2026 йилларда Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларида доривор ўсимликлар плантацияларини барпо этишнинг мақсадли кўрсаткичлари 1.1-иловага мувофиқ;
2022-2026 йилларда Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар ўрмон фонди ерларида доривор ўсимликлар плантацияларини барпо этишнинг мақсадли кўрсаткичлари 1.2-иловага мувофиқ;
2022-2026 йилларда Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар яйлов ер майдонларида каврак маданий плантацияларини барпо этишнинг мақсадли кўрсаткичлари 1.3-иловага мувофиқ;
“Бир туман – бир маҳсулот” тамойили асосида доривор ўсимликларни етиштиришга ихтисослаштириладиган туманлар рўйхати
2-иловага мувофиқ;
Доривор ўсимликларни маданий ҳолда етиштириш ва қайта ишлашни кенгайтириш ҳамда аҳоли ўртасида ундан фойдаланишни тарғиб қилиш бўйича “йўл харитаси” 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Бош вазир ўринбосари Ш.М.Ғаниев, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари доривор ўсимликлар маданий плантацияларини барпо этиш учун мос бўлган ер участкаларини очиқ электрон танловга ойма-ой график асосида қўйиб боришни таъминласин.
Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси (Н.Ж.Бакиров) доривор ўсимликлар маданий плантацияларини барпо этиш учун мос бўлган, ўрмон фондининг ўрмон билан қопланмаган ер участкаларини электрон онлайн-аукционга 2022 йил 1 августдан бошлаб ойма-ой график асосида қўйиб боришни таъминласин.
Жиззах вилояти ҳокимлиги (Э.А.Салиев) 2022-2026 йилларда заъфарон ўсимлиги маданий плантацияларини барпо этиш учун мос бўлган 2 000 гектар ер участкасини қонунчиликда белгиланган тартибда берилишини таъминласин ҳамда 2022 йилда заъфарон плантацияларини камида 2 бараварга кўпайтириш чораларини кўрсин.
2. Инновацион ривожланиш вазирлиги (И.Ю. Абдурахмонов) икки ой муддатда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан биргаликда сертификатланган доривор ўсимликларнинг уруғчилиги ва кўчатчилигини йўлга қўйиш бўйича фундаментал ва амалий тадқиқотлар ҳамда инновацион илмий-техник лойиҳалар бўйича грант танловларини эълон қилишни таъминласин.
3. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга кўра:
давлат тиббиёт муассасаларида, жумладан, ҳар бир поликлиникада, доривор ўсимликлар воситасида даволашга мўлжалланган халқ табобати хоналари ва фитобарлар ташкил қилинади;
Тошкент тиббиёт академиясининг клиникаси қошида Республика халқ табобати илмий-амалий марказининг 40 ўринли даволаш бўлими ва ҳудудларда филиаллари фаолияти йўлга қўйилади;
2022 йил 1 сентябрдан бошлаб халқ табобатини кенг тарғиб қилиш мақсадида “Ибн Сино илмининг билимдонлари” танлови ўтказилади.
4. Соғлиқни сақлаш вазирлиги (Б.А.Мусаев):
2022 йил 1 июндан бошлаб самараси исботланган доривор ўсимликларни босқичма-босқич тиббий ёрдам кўрсатиш стандартлари
ва протоколларига киритиш. Бунда Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан янги яратилган ҳамда ишлаб чиқаришга жорий этилган дори воситаларининг тиббиёт амалиётида кенг қўлланилишини таъминлаш мақсадида клиник протоколлар, диагностика ҳамда касалликларни даволаш стандартлари ҳар олти ойда қайта кўриб чиқилади;
уч ой муддатда барча давлат тиббиёт таълим муассасаларида доривор ўсимликлар ва халқ табобати бўйича таълим беришга йўналтирилган кафедраларни ташкил этиш бўйича таклиф киритиш;
шифокорларни доривор ўсимликлар ва халқ табобати усуллари асосида даволаш бўйича қайта тайёрлаш ва ихтисослаштиришни ҳамда терапевт, умумий амалиёт ва оилавий шифокорларни тайёрлашда чуқурлаштирилган ўқитишни ташкил этиш;
давлат тиббиёт муассасаларида, жумладан, ҳар бир поликлиникада доривор ўсимликлар воситасида даволашга мўлжалланган халқ табобати хоналари ва фитобарларни ташкил қилиш;
Тошкент тиббиёт академиясининг клиникаси қошида Республика халқ табобати илмий-амалий марказининг 40 ўринли даволаш бўлими ва ҳудудларда филиаллари фаолиятини йўлга қўйиш;
2022 йил 1 сентябрдан бошлаб халқ табобатини кенг тарғиб қилиш мақсадида “Ибн Сино илмининг билимдонлари” танловини ўтказиш;
тиббиёт амалиётида самараси исботланган ва асосий дори воситалари рўйхатига киритилган доривор ўсимликлар ва улардан тайёрланган дори воситаларининг давлат тиббиёт ташкилотлари томонидан харид қилиниши чораларини кўрсин.
5. Савдо-саноат палатаси (Д.А.Вахабов) Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги (С.Х.Кариев), Қишлоқ хўжалиги вазирлиги (Ж.А.Ходжаев), Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси (Н.Ж.Бакиров), Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги (Л.Ш.Қудратов), Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоят ҳокимликлари билан биргаликда аҳолининг тиббий маданиятини ошириш, доривор ўсимликларнинг афзалликларини аҳоли ва шифокорлар орасида кенг тарғиб қилиш, доривор ўсимликларни етиштириш ва чуқур қайта ишлашда илм-фан ва ишлаб чиқариш корхоналарининг кооперация алоқаларини йўлга қўйиш ва мустаҳкамлаш учун ҳар йили “Ибн Сино мероси” халқаро кўргазмасини ташкил этиш чораларини кўрсин.
6. Вазирлар Маҳкамасининг Аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари котибиятига доривор ўсимликларни етиштиришни кенгайтириш, доривор ўсимликлар етиштирувчиларни қўллаб-қувватлаш вазифалари юклатилсин.
Бунда мазкур котибиятга Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси тизимидаги 1 та штат бирлигини қисқартириш ҳисобидан 1 та штат бирлиги ажратилади.
7. Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигига қуйидаги қўшимча вазифалар юклатилсин:
доривор ўсимликлар бозори конъюнктурасини ўрганишни ташкиллаштириш, аҳоли ва соғлиқни сақлаш муассасаларининг доривор ўсимликлар маҳсулотлари билан таъминланганлик ҳолатини тизимли таҳлил қилиш ва ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш;
доривор ўсимликлар ва улардан ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг тиббий аҳамияти ҳамда уларни қўллашга оид махсус кўрсатувлар ва роликлар мунтазам намойиш этилишини ташкил қилиш;
доривор ўсимликларга оид илмий ишланмаларни тижоратлаштиришда кўмаклашиш, доривор ўсимликшунослик тармоғига илғор хорижий амалиёт ва халқаро стандартларни татбиқ этиш бўйича ишларни мувофиқлаштириш;
доривор ўсимликлар маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналар талабини таҳлил қилган ҳолда ҳар йили Қишлоқ хўжалиги вазирлигига доривор ўсимликлар етиштириш ҳажмлари тўғрисида таклиф киритиш.
Мазкур бандга мувофиқ Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигига юклатилаётган вазифаларнинг ижросини таъминлаш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги мавжуд штат бирликлари доирасида Агентликда директор ўринбосари лавозими жорий этилсин ҳамда доривор ўсимликларни етиштириш, қайта ишлашни ташкил этиш ва илмий ишланмаларни тижоратлаштириш бўйича қўшимча 5 та штат бирлигидан иборат бошқарма ташкил этилсин.
Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги (С.Х. Кариев), Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги (А.Б. Воитов) ва Молия вазирлиги (Т.А. Ишметов) билан биргаликда доривор ўсимликлар соҳасини ривожлантириш бўйича тажрибали хорижий мутахассис ва консультантларни жалб қилиш чораларини кўрсин.
8. Монополияга қарши курашиш қўмитаси, Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги:
Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда биологик фаол қўшимчаларнинг реклама тўғрисидаги қонунчилик талабларига қатъий риоя этилган ҳолда реклама қилинишини ташкил этиш чораларини кўрсин;
Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда биологик фаол қўшимчалар, биологик фаол қўшимча сифатида рўйхатга олинмаган дамлама, ўтлар, парфюмерия-косметика воситалари рекламасига оид қонунчилик талаблари бузилганда жавобгарлик чораларини кучайтириш юзасидан Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин.
9. Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан биргаликда доривор ўсимликлар сифатини таҳлил ва назорат қилиш бўйича халқаро стандартларга жавоб берувчи замонавий лаборатория барпо этиш мақсадида халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотларидан грант маблағлари жалб этиш чораларини кўрсин.
10. Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ва Фанлар академияси билан биргаликда уч ой муддатда илмий тиббиётда ва фармацевтика саноатида фойдаланиладиган доривор ўсимликлар ҳамда доривор ўсимликлар етиштириладиган ҳудудлар рўйхатини ўз ичига олувчи электрон маълумотлар базасини яратсин.
11. Ушбу қарорда белгиланган чора-тадбирларнинг самарали ва ўз вақтида амалга оширилишини таъминлаш мақсадида:
а) Бош вазир ўринбосари Ш.М.Ғаниев Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори С.Х.Кариев, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ҳокимлари билан биргаликда:
мазкур қарорга 1-иловага мувофиқ ер майдонларида доривор ўсимликлар плантацияларини барпо этиш;
2022 йил якунига қадар мазкур қарорга 2-иловага мувофиқ туманларни доривор ўсимликлар етиштиришга ихтисослаштириш;
доривор ўсимликларни етиштириш ва қайта ишлаш бўйича давлат-хусусий шериклик ва инвестиция лойиҳалари амалга оширилишини ташкил этиш чораларини кўрсин;
б) Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси Ипакчилик ва жун саноатини ривожлантириш қўмитасининг буюртмаларига асосан ёввойи ҳолда ўсувчи каврак ўсимлиги хомашёсини йиғиш ва тайёрлашга квоталарни ажратиш чораларини кўрсин;
в) Соғлиқни сақлаш вазирлиги (Б.А. Мусаев):
бир ой муддатда янги яратилган ҳамда ишлаб чиқаришга жорий этилган дори воситалари тиббиёт амалиётида кенг қўлланилишини таъминлаш мақсадида клиник протоколлар, диагностика ҳамда касалликларни даволаш стандартларига киритиш мақсадида уларни ҳар олти ойда қайта кўриб чиқиш тизимини жорий этсин;
доривор ўсимликлардан олинадиган фитопрепаратлар истеъмол бозорини яратиш, хусусан, уларнинг дорихоналар тизимида сотувини йўлга қўйиш, фитопрепаратлар яратиш технологиясида халқ табобати усулларини кенг қўллаш, соғлиқни сақлаш тизимининг бирламчи бўғинида доривор ўсимликлардан олинадиган фитопрепаратларни қўллаш бўйича ташкилий чора-тадбирлар ишлаб чиқсин ва амалиётга жорий этсин;
бир ой муддатда доривор ўсимликларни аҳоли ва шифокорлар орасида кенг тарғибот қилиш бўйича 2022-2026 йилларга мўлжалланган чора-тадбирлар дастурини тасдиқлаб, ижрога қаратсин;
икки ой муддатда барча тиббиёт олийгоҳлари, Абу Али ибн Сино номидаги Жамоат саломатлиги техникумлари ва тиббиёт коллежларида, ҳудудий Халқ табобатини ривожлантириш марказларида соҳа учун мутахассислар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини жорий қилиш бўйича таклиф киритсин;
уч ой муддатда доривор ўсимликларга оид илмий ишланмаларни тадбиркорлик субъектлари 50 фоизини молиялаштирган тақдирда, қолган қисмини Давлат бюджетидан илмий лойиҳаларга ажратилган маблағлар ҳисобидан молиялаштириш бўйича таклиф киритсин.
12. Доривор ўсимликларни аҳоли хонадонларида етиштириш мақсадида:
Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши (А.А. Хаитов) Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси (Н.Ж. Бакиров), Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари билан бирга икки ҳафта муддатда аҳоли хонадонларида доривор ўсимликлар етиштиришни йўлга қўйиш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқсин;
Тошкент вилояти ҳокими З.Т.Мирзаев Тошкент вилоятида бахмалгул, Наманган вилояти ҳокими Ш.Ш. Абдуразаков Наманган вилоятида наъматак, Фарғона вилояти ҳокими Х.Ҳ.Бозаров, Андижон вилояти ҳокими Ш.К.Абдурахманов ўз ҳудудларида ола ўт каби экспортбоп доривор ўсимликларни кооперация асосида аҳоли хонадонларида етиштиришни йўлга қўйсин.
13. Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги (А.А.Ходжаев), Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги (А.К.Кўчимов), Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси (А.Ж.Хаджаев) Қишлоқ хўжалиги вазирлиги (Ж.А.Ходжаев), Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши (А.А.Хаитов) билан биргаликда оммавий ахборот воситаларида мазкур қарорнинг мазмун-моҳиятини аҳолига тушунтиришга оид материаллар, туркум телекўрсатувлар намойиш этилишини ташкил этсин.
14. Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Ипакчилик ва жун саноатини ривожлантириш қўмитаси манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
15. Мазкур қарорнинг ижросини ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб қишлоқ хўжалиги вазири Ж.А.Ходжаев, соғлиқни сақлаш вазири Б.А.Мусаев, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси раиси Н.Ж.Бакиров, Ипакчилик ва жун саноатини ривожлантириш қўмитаси раиси Б.Қ.Шарипов, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси А.А.Хаитов белгилансин.
Қарор ижросини ҳар чоракда муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ш.М.Ғаниев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси
Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ
Тошкент шаҳри,
2022 йил 20 май
Манба: ЎзА