Марказий ҳарбий округнинг Жиззах гарнизонидаги ҳарбий қисмда “Ёшлар ойлиги” бошланиши муносабати билан “Янги Ўзбекистон ёшлари, бирлашайлик!” шиори остида Жиззах вилоятидаги маҳалла ёшлари иштирокида “Ёшлар фестивали” ташкил этилди.
Унда ёш ҳарбий хизматчилар ва маҳалла ёшлари иштирокида турли йўналишларда маънавий-маърифий, маданий ҳамда спорт тадбирлари, кўрик танловлар ва “Заковат” интелектуал ўйинлари ўтказилди.
Тадбирлар давомида эртамиз эгалари яратилган бундай имкониятлардан ўзларининг истеъдоди ва маҳоратини, билагидаги кучи, шижоати ва ғайратини кўрсатиш билан бирга, эгаллаган билимлари ва маҳоратларини ҳам намоён этишди.
Ёшларнинг ҳарбий қисмда олган таассуротларини мустаҳкамлаш ҳамда уларнинг шижоати ва ҳарбий касб эгаларига бўлган ҳавасларини ошириш учун тадбир якунида ҳарбий оркестр жамоаси ва истеъдодли ёшлар иштирокида концерт дастури намойиш этилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги