Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Наманганда гул сайли бошланди
2022-05-22 | Маданият
Айни кунда бутун Ўзбекистон, қўшни республикалар, узоқ ва яқин давлатлар нигоҳи Наманганга қадалган. Бу йил сайин нуфузи ортиб бораётган Халқаро гуллар фестивали тантаналари билан боғлиқ.
Бугун кўҳна ва навқирон кентда Наманганнинг ўзигагина хос бўлган гуллар сайли бошланди. Олтмиш биринчи бор, бунинг устига халқаро миқёсда нишонланаётган анжуманга нафақат юртдошларимиз, балки ўттизга яқин давлатлардан гул ишқибозлари ташриф буюрган. Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги маданият ва истироҳат боғидаги мафтункор манзаралар, сермазмун томошалардан шодланиш иштиёқидаги инсонларнинг бари гуллар тимсолида нафосатга ошуфта шаҳар аҳлининг табиатга меҳри, аҳду шижоатига тасанно айтмоқда.
Анъанавий гуллар фестивали бугун эрталаб анвойи гуллар билан безатилган икки юздан зиёд транспорт воситаларидан иборат карвон иштирокида шаҳар бўйлаб ташкил этилган ўзига хос автопарад билан бошланди. Айниқса, автомобиллар карвонидан ўрин олган техникалардаги халқлар дўстлиги композицияси Хитой, Япония, Корея, Туркия, Россия, Ҳиндистон каби хорижий мамлакатлардан келган меҳмонларнинг алоҳида эътиборини тортди.
Вилоят марказидаги Тинчлик хиёбонида 61-Халқаро гуллар фестивалининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда вилоят фаоллари, мартабали меҳмонлар, чет эл делегациялари, ОАВ вакиллари ва блогерлар, кенг жамоатчилик иштирок этди.
Тадбирда Наманган вилоят ҳокими Шавкат Абдураззоқов сўзга чиқиб, барчани нафосат байрами билан қутлади ва ушбу анъанани изчил ривожлантириш ҳудуд иқтисодий ва туризм потенциалини оширишда муҳим ўрин тутишини таъкидлади.
— Давлатимиз раҳбари ташаббус ва тавсиялари билан бу фестиваль халқаро мақомга эга бўлди. Унинг кўлами кенгайиб, дунё миқёсига кўтарилгани нафақат Наманган, балки бутун мамлакатимиз аҳлининг ғурур-ифтихорига сабаб бўлмоқда, — деди вилоят ҳокими.
Маросим давомида санъаткорларнинг куй, қўшиқ ва рақсларидан иборат дастур намойиши барчага хуш кайфият бағишлади. Шундан сўнг анжуманнинг асосий тадбирлари Бобур боғига кўчди. Вилоят ҳокими раҳбарлигида фаоллар ҳамда меҳмонлар бу ердаги гуллар экспозициялари билан танишдилар, гулчилар билан суҳбатлашдилар. Бир-биридан мазмунли ва қизиқарли экспозициялар, айниқса, хорижлик меҳмонларда чуқур таассурот қолдирди.
Айтиш лозимки, эндиликда миллий қадриятларимиз қаторидан муносиб ўрин олган гуллар фестивалининг дастури бутун жаҳонга кўз-кўз қилса арзийдиган миқёс ва мазмунда тайёрланган. Хусусан, маданият ва истироҳат боғи икки ҳафта давомида чинакам сайилгоҳ, кўнгилочар тадбирлар масканига айланади. Пойтахтдан ташриф буюрган уста санъаткор ва сўз усталари, вилоят бадиий жамоалари, дорбозлик ҳамда бошқа турдаги халқ ўйинлари ижрочиларининг чиқишлари томошабинларга бир олам завқ бағишлаши табиий. Бундан ташқари она юрт, табиат манзараларини акс эттирган суратлар кўргазмаси, адабий мушоиралар, модельерлар баҳси, турли танловлар ташкил этилади. Энг яхши кўргазма ташкил этган гулчиларни эса енгил автомашина ва бошқа қимматбаҳо совринлар кутмоқда.
Қудратилла НАЖМИДДИНОВ
Манба: «Халқ сўзи»