Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ-60 сон Фармони билан тасдиқланган 2022 -2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида давлат-хусусий шериклик (кейинги ўринларда – ДХШ) асосида 14 миллиард АҚШ долларига тенг инвеститсия жалб этиш белгиланган (26 мақсад).
Мазкур инвестициялар орқали энергетика, транспорт, соғлиқни сақлаш, таълим, экология, коммунал хизматлар, сув хўжалиги ва бошқа соҳаларда инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш кўзда тутилган.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 8 апрелдаги “Тадбиркорлик муҳитини яхшилаш ва хусусий секторни ривожлантириш орқали барқарор иқтисодий ўсиш учун шарт-шароитлар яратиш борасидаги навбатдаги ислоҳотлар тўғрисида”ги ПФ-101 сонли Фармони 7 иловаси билан Давлат-хусусий шериклик шартлари асосида 2022 2024 йиллар давомида амалга оширилиши режалаштирилган лойиҳаларнинг соҳалар кесимида “Йўл харитаси” тасдиқланган.
Мазкур инфратузилма лойиҳаларини муваффақиятли амалга оширишни таъминлаш мақсадида халқаро ва маҳаллий инвесторларнинг ҳамкорлиги орқали Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги ҳамда “Synergy Consulting” компанияси кўмагида Ўзбекистон Халқаро ДХШ давра суҳбати доирасида “Ўзбекистон ДХШ инвесторлари семинари” ўтказилди.
Ушбу семинарни ташкил этишдан асосий мақсад-Ўзбекистондаги ДХШ лойиҳаларидан хабардор қилиш (ижтимоий инфратузилма лойиҳалари, жумладан, 100 та давлат мактаби, 100 та мактабгача таълим муассасаси, 100 та талабалар ётоқхонаси ҳамда тиббиёт муассаларига алоҳида эътибор қаратиш), маҳаллий пудратчиларни ДХШ дастури ҳақида билимларини ошириш, келажакдаги ҳамкорлик учун маҳаллий ва халқаро инвесторлар учун соҳага оид тушунчаларини бойитиш иборат.
Ушбу семинарда Осиё тараққиёт банки, Эвропа тикланиш ва тараққиёт банки, Халқаро молия корпорацияси каби молия институтлари, маҳаллий ва халқаро инвесторлар, қурилиш компаниялари вакиллари иштирок этишди.
Семинар якунида савол-жавоб сессияси ташкил этилди. Ўзбекистонда ДХШни ривожлантириш бўйича навбатдаги муҳокамалар эртага, 20-май куни "ДХШ бўйича давра суҳбати"да ушбу соҳанинг асосий экспертлари иштирокида бўлиб ўтади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги