Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Тошкент вилоятининг ижтимоий-иқтисодий ривожлантирилиши ўрганилди
2022-05-20 | Иқтисодиёт
Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков бошчилигидаги ҳамда вазирликлар, идоралар, тармоқ бирлашмалари, тижорат банклари ва маҳаллий ҳокимият органлари раҳбарларидан иборат ишчи гуруҳ жойларга чиққан ҳолда Тошкент вилоятининг саноат ва ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг жорий ҳолатини ўрганиш ҳамда уни жадаллаштиришни рағбатлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар мониторингини ўтказди.
Саноат ишлаб чиқариш объектлари ва корхоналарига ташриф буюрилди, улар мисолида турли тармоқларнинг ривожланиш масалалари, шунингдек янги иш ўринлари яратиш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар ўрганилди.
Ишчи гуруҳ аъзолари тадбиркорлар ва экспортчилар билан бевосита мулоқот орқали ишлаб чиқариш ва экспорт фаолияти жараёнида юзага келаётган муаммоларни муҳокама қилиб, уларни ҳал қилиш механизмларини ишлаб чиқдилар. Уларни бевосита жойларда амалга ошириш бўйича мутасадди раҳбарларга кўрсатмалар берилди.
Ҳудуд саноатини ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Ички бозорда талаб ортиб бораётган, асосан импорт қилинадиган маҳсулотларни маҳаллийлаштириш даражасини оширишга қаратилган лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этишда инвестицияларни жалб қилишни жадаллаштириш муҳимлиги қайд этилди. Шу муносабат билан, ҳудудий импорт таркибини ҳар томонлама таҳлил қилиш, аниқ товар турларини аниқлаш ва Тошкент вилоятида ушбу турдаги маҳсулотларни ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича лойиҳавий таклифларни ишлаб чиқиш бўйича кўрсатмалар берилди.
Шунингдек, аҳолини инфратузилмавий ва ижтимоий хизматлар билан таъминлашдаги мавжуд муаммоларни инвентаризация қилиш, уларни бартараф қилиш бўйича масъул раҳбарлар ва ижро муддатлари белгиланган ҳолда аниқ амалий чора-тадбирларни ишлаб чиқиш топширилди.
Ҳозирги кунда ишчи гуруҳ вилоятдаги мавжуд муаммоларни ўрганиш ва уларни ҳал қилиш бўйича самарали чора-тадбирлар ишлаб чиқишни давом эттирмоқда.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги