Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Тошкентдаги “маданий-гуманитар ҳафталиги”

2022-05-19 | Сиёсат

Ўзбекистоннинг ушбу нуфузли ташкилот раислиги доирасида амалга ошираётган маданий, туризм ва спорт дипломатияси “Шанхай руҳи” тамойилларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда

2021-2022 йилларда Ўзбекистоннинг Шанхай ҳамкорлик ташкилотига раислиги давомида республика Ташкилот доирасида ўтказилаётган кўплаб юқори даражали тадбирларга мезбонлик қилмоқда. Мазкур учрашувларда ташкилотнинг турли жабҳадаги кенг қамровли ҳамкорликни янада кучайтириш вазифаси муҳокама қилиниб, бу борада Ўзбекистоннинг тегишли ташаббус ва таклифларини ҳаётга тадбиқ қилиш юзасидан келишувга эришилмоқда.

Жорий йил 19-20 май кунлари Тошкент шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган ШҲТга аъзо давлатлар маданият, туризм ва спорт масалалари бўйича вазирлар даражасидаги йиғилишлари Ташкилот доирасида ривожланиб бораётган маданий-гуманитар ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш учун замин ҳозирлайди, дейиш мумкин.

Уч кун давомида ўндан ортиқ мамлакатдан ташриф буюрган юқори мартабали расмийлар, олимлар, етук хорижий университетлар ректорлари, экспертлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари ўз ғоя, таклиф, фикр-мулоҳазаларини алмашади, истиқболли режа ва лойиҳаларни муҳокама қилишади, ШҲТнинг маданий-гуманитар соҳадаги фаолияти учун муҳим қарорлар тайёрлашади.

ШҲТ таркибида 8 аъзо-давлат, 4 кузатувчи-давлат ва 9  мулоқот учун ҳамкор-давлат фаолият юритмоқда. Бошқача айтганда, тузилма Евроосиёнинг бешдан уч қисмини, дунё аҳолисининг, қарийб, ярмини қамраб олган.

Рақамларда ифодалайдиган бўлсак, ШҲТнинг умумий майдони 34 миллион квадрат/километр. Бу улкан маконда 3,2 миллиард киши яшайди. ШҲТ халқлар маданияти ва анъаналари ранг-баранглиги билан бирга турли цивилизацияларни бирлаштиргани, ривожлантириб келаётгани билан ҳам ажралиб туради ва ўзига хос жозибадорлик намоён қилади.

Тобора чигаллашиб бораётган ҳозирги замон халқаро муносабатларида маданиятлар ва цивилизациялар ўртасида ўзаро англашув ва конструктив мулоқотни қўллаб-қувватлаш ҳар қачонгидан долзарб аҳамият касб этмоқда. Ўтган йил 20 йиллигини қаршилаган ШҲТ айни йўналишдаги фаолият нақадар муҳимлигини теран англовчи кўп томонлама тузилма. Таъсисчилар ўша даврдаёқ буни устувор мақсадлардан бири сифатида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Хартиясида белгилаб қўйишган. ШҲТни дунёга танитган “Шанхай руҳи”нинг асосий тамойилларидан бири ҳам “маданий хилма-хилликни ҳурмат қилиш”дир. Бундай тамойилларни бошқа халқаро ташкилотларда учратиш мушкул.

Мазкур ҳолатни ҳар йил бўлиб ўтадиган ШҲТ Саммитлари якуний ҳужжатларида ҳам кўриш мумкин. Хусусан, 2021 йил 16-17 сентябр кунлари   Тожикистонда бўлиб ўтган ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарлари йиғилишида қабул қилинган Душанбе декларациясида ҳам “барча аъзо давлатлар ШҲТ доирасидаги маданий ҳамкорлик халқлар ўртасидаги ўзаро тушунишни мустаҳкамлашда самарали омил эканлигини якдиллик билан таъкидлаб, Ташкилотнинг маданий соҳада ўзаро алоқаларни ривожлантириш ва бойитиш орқали жаҳон ҳамжамиятига миллий анъаналар ва қадриятларга нисбатан юксак ҳурмат ҳамда бағрикенгликнинг ёрқин намунасини кўрсатаётгани” эътироф этилган.

Таъдиклаш жоиз, ўтган даврда ШҲТга аъзо давлатлар 1990-йилларда америкалик сиёсатшунос С.Хантингтон илгари сурган “цивилизациялар тўқнашуви” асосида келиб чиқиши мумкин бўлган зиддиятлар, янги “совуқ уруш”лар ва бошқа ҳар хил салбий ёндашувлардан воз кечди. Ташкилотнинг барча аъзолари ўзаро ҳурмат, тенг ҳуқуқ, одил ва манфаатли амалий ҳамкорлик тарафдоридир.

Бу ташкилот доирасида серқирра, маданият, туризм, спорт, фан-таълим каби, барқарор тараққиёт учун ўта муҳим ҳисобланган, ижтимоий соҳаларда юқори даражадаги ҳамкорлик учун қулай шарт-шароитларга йўл очмоқда.

Қадимги Буюк ипак йўли бўйлаб жойлашган ШҲТ давлатларида савдо-сотиқ ва иқтисодий алоқадан ташқари, маданий-гуманитар ҳамкорлик ва цивилизациялар ўртасида мулоқот ўрнатилишида ҳамда гуллаб-яшнашида ушбу трансконтинентал йўлак беқиёс аҳамият касб этган. Ўтмишда Буюк ипак йўли чорраҳаси ҳамда бугунги кунда Марказий Осиё минтақасининг маънавий ўчоғи ҳисобланган Ўзбекистонда қатор маданий тадбирлар ўтказилиши ўтмишдан давом этиб келаётган ўзаро ҳамкорлик узвий эканини яна бир бор кўрсатмоқда.

Тошкент “маданий-гуманитар ҳафталиги” доирасида қабул қилинадиган ҳужжатлар турли йўналишдаги алоқаларга мустаҳкам ҳуқуқий асос яратиши кутиляпти.

Айниқса, ўтган икки йил давомида бутун дунё ҳамжамиятини ларзага солган пандемия оқибатлари ШҲТ маконида ҳам халқлар ўртасидаги мулоқотга сезиларли даражада салбий таъсир кўрсатиб, алоқалар занжири узилишига сабаб бўлди. Тошкентда ўтказилажак маданий тадбирларни пандемия устидан қозонилган ғалаба, ШҲТ маконида замонавий Ипак йўли қайта тикланиши учун қўйилган дадил қадам, дейиш учун барча асослар мавжуд.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги томонидан йиғилиш доирасида “ШҲТ давлатлари ҳамкорлигининг янги босқичи: туризм ва маданий мерос” мавзусида халқаро форум ўтказилиши, ушбу тадбирга юздан зиёд хорижий сайёҳлик компаниялари, экспертлар, жамоатчилик ва ОАВ вакиллари жалб қилингани айни йўналишдаги ҳамкорликнинг янги қирраларини очиши тайин.

ШҲТ мамлакатларининг умумий туристик салоҳияти жуда улкан, аслида. Бу ҳудудда ЮНЕСКО моддий ва маданий мероси рўйхатига кирган 140 дан ортиқ объект бор. Истиқболда ШҲТ маконининг глобал туризмдаги улуши ортиб бориши аниқ. Зеро, айнан Осиё халқаро тараққиёт марказига айланиб бормоқда. Хитой ва Ҳиндистон каби ривожланиб бораётган мамлакатларнинг жами уч миллиардга яқин аҳолиси орасида сайёҳликка қизиқиш йил сайин ортиб бораётганининг ўзиёқ буни кўрсатиб турибди.

Тошкент мезбонлик қилаётган ШҲТ анжуманида ушбу йирик салоҳиятдан самарали фойдаланишнинг турли жиҳатлари кўриб чиқилади. Пандемиядан кейинги даврда туризм индустриясини биргаликда ривожлантириш мавзуси ҳам кун тартибидан ўрин олган. Жаҳон туризм ташкилоти маълумотига кўра, бугунги кунда ер юзида ҳар ўн одамдан бири туризм соҳасида меҳнат қилади. Пандемиянинг салбий оқибати дунё бўйича халқаро туристлар оқимини 95 фоизгача қисқартириб, 100-120 миллионгача ишчи ўрнини йўқотди. Пойтахтимизда ўтказилаётган ушбу Форум пандемия оқибатларининг ШҲТ давлатларига салбий таъсирини камайтириш ва юмшатиш чораларини кўриш бўйича ўзига хос платформага айланишига шубҳасиз.

Форум давомида янги шароитларда туризмнинг барқарор ривожланишини таъминлаш, туризм соҳасида таълимни ривожлантириш бўйича ҳамкорлик, археология ва музейшунослик соҳаларида ўзаро алоқаларни кенг йўлга қўйиш ҳамда соҳадаги мавжуд камчилик ва муаммоларни бартараф этиш бўйича қўшма чоралар ишлаб чиқиш кутилмоқда.

Бундан ташқари ШҲТга аъзо давлатлар ўртасида илк бор ишлаб чиқилаётган “Туризм соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш бўйича ҳукуматлараро Битим” айни йўналиш тарихида янги саҳифа очади. Мазкур ҳужжат лойиҳаси туризм вазирлари томонидан муҳокама қилиниб, жорий йил сентябрь ойида Самарқандда бўлиб ўтадиган Ташкилот Саммитида имзоланиши режалаштирилмоқда.

Маълумки, ШҲТ маконида истиқомат қилаётган барча халқлар буюк цивилизациялар бунёдкорлари ҳисобланади. Ўтмишда аъзо давлатлар ҳудудларида яратилган ва шу кунга қадар сақланиб қолган бой моддий ва маънавий мерос бугунги кунда жаҳон ҳамжамияти томонидан юксак эътироф этилган, ЮНЕСКО томонидан рўйхатга олинган. Шу кунга қадар ШҲТ халқлари бой маданий меросини сақлаб қолиш ва оммалаштириш мақсадида Ташкилот Котибияти томонидан қатор халқаро маданий тадбирлар ўтказилган.

Жумладан, 2021 йил 13 ноябрда Ташкилотнинг 20 йиллигига бағишланган “ШҲТнинг 8 мўъжизаси” лойиҳаси доирасида Хитойда ўтказилган халқаро маданий-туристик кўргазмада аъзо давлатлар ўз бой маданий меросини намойиш қилган эди. Хусусан, Ҳиндистон “Бирлик Монументи”ни, Қозоғистон “Тамгали археологик комплекси”ни, Хитой “Дамин императорлик саройи қолдиқлари”ни, Қирғизистон “Иссиқ-Кўл”ни, Покистон “Лахор шаҳридаги мўғул мероси”ни, Россия “Олтин узук”ни, Тожикистон “Наврўз саройи”ни ва Ўзбекистон Бухоро шаҳридаги “Пои калон”ни “ШҲТнинг 8 мўъжизаси” лойиҳасига киритган.

ШҲТ давлатларининг маданият соҳаси раҳбарлари Тошкентда мазкур йўналишда олиб борилаётган ҳамкорлик алоқаларини янги босқичга олиб чиқиш, ишга солинмаган имкониятлардан янада унумли фойдаланиш ҳамда ўзаро муносабатнинг янги йўналишларини очиш бўйича фикр алмашадилар. Кўриб чиқилиши кутилаётган, музейшунослик соҳасида ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган Меморандум лойиҳаси тадбирнинг муҳим ҳужжатларидан бири ҳисобланади. Ўзбекистон ташаббуси билан ишлаб чиқилаётган мазкур Меморандум келгусида ШҲТга аъзо давлатлар музейлари ўртасида тўғридан-тўғри алоқа ўрнатиш ва шерикликни ривожлантиришгайўналтирилган муҳим ҳуқуқий нормаларни ўз ичига олган.

20 май куни ўтказиладиган ШҲТга аъзо давлатлар жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш масалалари бўйича масъул вазирлари йиғилишида Ташкилот доирасида спортни ривожлантириш билан боғлиқ долзарб масалалар муҳокама этилади. 

Тадбирга раислик қилаётган Ўзбекистон Республикасида бугунги кунда спортнинг барча соҳаларини ривожлантиришга давлат миқёсида эътибор берилмоқда. Соҳани тубдан ислоҳ қилиш мақсадида Президентнинг 2022 йил 18 февралдаги қарорига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Спортни ривожлантириш вазирлиги ташкил қилинди. 

Бугунги кунда ШҲТга аъзо барча давлатлардан дунё тан олган етакчи спортчилар етишиб чиққан, аъзо давлатларда халқаро спорт мусобақалари мунтазам ўтказилмоқда. Хусусан, пандемия натижасида юзага келган қатор чекловлар, мураккаб эпидемиологик шароитга қарамасдан, Хитой 2022 йилдаги қишги Олимпия ва Паралимпия ўйинларига муносиб мезбонлик қилди, ушбу нуфузли мусобақаларни юқори суръатда ўтказди.

Бундан ташқари ШҲТ доирасида жорий йил март ойида “Тошкент халқаро ярим марафони” ўтказилди, ғолиб ва совриндорлар, иштирокчилар муносиб мукофотланди. Соҳа мутасаддиларининг ушбу йиғилишида ШҲТ маконида спортни янада ривожлантириш, жисмоний тарбияни аҳоли орасида кенг оммалаштириш масаласи диққат марказида бўлади. Хусусан, ШҲТга аъзо давлатлар жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришга масъул ваколатли идоралари ўртасидаги Битимни амалга ошириш бўйича 2022-2024 йилларга мўлжалланган Тадбирлар режаси қабул қилиниши кутилмоқда. Ушбу ҳужжат спортнинг барча йўналишларида қилиниши лозим бўлган ишлар ва чора-тадбирлар мажмуини акс эттириш баробарида олимпия, неоолимпия, этно спорт йўналишларида ҳамкорлик қилиш ва тажриба алмашишга оид масалаларни ҳам қамраб олади. Бир сўз билан айтганда мазкур тадбир доирасида спортни ривожлантириш бўйича ШҲТнинг 2022-2024 йилларга мўлжалланган “Йўл харитаси” қабул қилиниши кутилмоқда.

Юқорида санаб ўтилган маданият, туризм ва спорт ишлари бўйича Тошкентда ўтказиладиган вазирлар даражасидаги йиғилиш, анжуман дастури бўйича ташкил қилинадиган турли учрашувлар ва умуман Ўзбекистоннинг ШҲТдаги раислиги доирасида ташкил этилаётган барча тадбирлар мамлакатимиз саъй-ҳаракатларининг самарасидан, амалий натижадорлигидан далолат бермоқда. Ушбу тадбирлар жорий йил сентябрь ойида Самарқандда ўтказилиши режалаштирилган Ташкилот саммитини мазмун жиҳатдан бойитишга муносиб ҳисса бўлиб қўшилиши шубҳасиз.

Манба: ЎзА

Поделиться