Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Инновацион ривожланиш вазири Исроил туризм вазири билан музокаралар ўтказди
2022-05-18 | Жамият
Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов Исроил туризм вазири Константин (Ёел) Развозов билан учрашди. Икки вазир учрашуви пойтахтимизнинг Талабалар шаҳарчасида жойлашган INNO технопаркда бўлиб ўтди.
Константин Развозов аввало INNO технопарк фаолияти , у ерда яратилган шароитлар билан танишиб, илмий, технологик, ишлаб чиқариш салоҳиятига эга йирик мажмуа фаолиятига юқори баҳо берди. К. Развозов Исроил стартапларни яратиш бўйича дунёда етакчи бўлишига қарамай, аксарият стартаплар ўз фаолиятини бошқа давлатларда давом эттиришини қайд этиб, бу амалиётни Ўзбекистонга ҳам жорий этиш мумкинлигини қайд этди. Таъкидлаш лозимки, Исроилда йилига 10 мингтага яқин стартап корхоналар ташкил этилади.
И. Абураҳмонов ҳамкорликда қўшма илмий, стартап лойиҳалар танловларини ташкил этиш ташаббусини илгари сурди. Томонлар бу масала бўйича амалий ишларни бошлаш бўйича масъул ходимларга топшириқлар бердилар. Истиқболли стартап лойиҳаларнинг Ўзбекистонга кириб келиши янги ишчи ўринлари яратилишига хизмат қилиши қайд этилди.
Ўз навбатида Исроил туризм вазири Исроилда IT мутахассисларига талаб катта экани, ўзбекистонлик ахборот технологиялари мутахассисларини Исроил компанияларига жалб этиш мумкинлиги ҳақида фикр билдирди. Инновацион ривожланиш вазири юртимизда олий таълим қамрови кенгаяётгани муносабати билан ҳар йили кўплаб билимли ёшлар етишиб чиқаётгани ва уларни юқори технологик иш жойлари билан таъминлаш масаласи долзарб эканини қайд этиб, бунда INNO технопарк имкониятларидан кенг фойдаланиш зарурлигини айтди.
Томонлар икки давлат ўртасидаги илм-фан ва инновациялар соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш масаласида муштарак фаолият юритишга келишдилар. Учрашув дўстона руҳда ўтди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш агентлиги