Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Қишлоқ хўжалиги вазирлигида Озарбайжон делегацияси билан ишчи учрашув бўлиб ўтди
2022-05-16 | Иқтисодиёт
2022 йил 11 май куни Озарбайжон Республикаси Озиқ-овқат хавфсизлиги агентлиги раиси Таҳмазли Гошгар бошчилигидаги делегация Қишлоқ хўжалиги вазирлигига ташриф буюрди.
Қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Қаҳрамон Юлдашев олиб борган учрашувда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, ўзаро тажриба алмашиш ва ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Озарбайжон Республикаси Озиқ-овқат хавфсизлиги агентлиги 2017 йили ташкил этилган ва Озайрбайжон озиқ-овқат хавфсизлигини назорат қилувчи 5 та давлат органини бирлаштиради. Бугунги кунда Агентлик тизимида 1500 нафар ходим фаолият юритади, хусусан, марказий аппаратда, 11 та ҳудудий ваколатхоналари ва Озиқ-овқат хавфсизлиги институтида.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасида аграр соҳадаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида 2002 йилда идоралараро битим имзоланган эди.
2022 йилнинг январ-март ойларида Озарбайжон билан озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг товар айирбошлаш ҳажми умумий қиймати 5,3 млн долларлик 3,8 минг тоннани ташкил этди (узум – 1,5 млн доллар, ерёнғоқ – 1,2 млн доллар, ловия – 495 минг доллар).
Шунингдек, Озарбайжонга чигитнинг бир қанча навлари жўнатилди. Чигит Озарбайжоннинг Ўсимликларни ҳимоя қилиш ва техник экинлар илмий-тадқиқот институти ҳамда Ўзбекистон Пахта селекцияси, уруғчилиги ва етиштириш агротехнологиялари илмий-тадқиқот институти ўртасида 2021 йил март ойида имзоланган илмий-техникавий ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома асосида топширилди. Айни пайтда меҳмон давлат мутахассислари ўзбек селекциясига оид чигитни Озарбайжоннинг тупроқ-иқлим шароитида мослашишини ўрганиш ишларини олиб бормоқда.
Ўзбекистон ўз навбатида фундук ёнғоқнинг серҳосил навлари кўчатларини олишга қизиқиш билдирмоқда. Бу борадаги тажрибани ўрганиш учун мутахассисларимизни Озарбайжонга юбориш режалаштирилган.
Тошкентга ташрифи давомида Озарбайжон делегацияси Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳамда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати раҳбарлари билан ҳам учрашади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги