Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Сирдарё вилоят коррупцияга қарши курашиш ҳудудий кенгаши йиғилишида қишлоқ хўжалиги соҳасида коррупциянинг олдини олиш масалалари муҳокама этилди
2022-05-16 | Жамият
Таҳлилларга кўра, Сирдарё вилоятида қишлоқ ва сув хўжалиги тизими энг кўп жиноят содир этилган йўналишлардан бири ҳисобланади. Жумладан, 2021 йил ва жорий йилнинг ўтган даврида қишлоқ ва сув хўжалиги соҳасига дахлдор идораларнинг 32 нафар ходими жиноий жавобгарликка тортилган. Уларнинг жиноий қилмишлари оқибатида етказилган зарар миқдори 5,2 млрд сўмни ташкил этади.
Хўш, бундай коррупцион ҳолатларга нималар сабаб бўлмоқда, мавжуд муаммоларни қандай ҳал этиш мумкин?
Жорий йилнинг 13 май куни бўлиб ўтган Сирдарё вилоят Коррупцияга қарши курашиш ҳудудий кенгашининг навбатдаги йиғилишида шу каби муҳим масалалар атрофлича муҳокама қилинди.
Унда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги раҳбарияти, Миллий кенгаш аъзолари, мутасадди вазирлик ва идоралар вакиллари ҳамда Ҳудудий кенгаш аъзолари иштирок этди.
Йиғилишда қишлоқ хўжалиги ташкилотлари ва унинг қуйи тизимларида учраётган коррупцион жиноятлар таҳлили, тизимда коррупцияга қарши курашиш ҳамда унинг олдини олиш бўйича амалга оширилаётган ишлар, олиб борилган ўрганишлар натижалари юзасидан масъулларнинг ахбороти эшитилди.
Йиғилишда тизимда учраётган коррупциявий жиноятлар хусусида ҳам тўхталиб ўтилди. Қайд этилишича, вилоятда 2021 йилдан шу кунга қадар ноқонуний ер сотиш билан боғлиқ 26 та ҳолатда жиноят иши қўзғатилган, натижада жами 200 гектар ер майдонининг ноқонуний равишда сотилишига чек қўйилган.
Мулоқотлар давомида қишлоқ хўжалиги ташкилотлари ва унинг қуйи тизимларида коррупцияга қарши курашиш ҳамда унинг олдини олиш юзасидан амалга оширилаётган шу каби бошқа чора-тадбирлар ҳақида ҳам маълумот берилди.
Шунингдек, муҳокамалар жараёнида ҳудудий Кенгашнинг иш режасида белгиланган вазифалар ижроси ҳам кўриб чиқилди. Таъкидланишича, ҳудудий кенгашларнинг 2021 йилнинг октябрь-декабрь ойлари мобайнидаги фаолиятини рейтинг баҳолаш натижалари кўра, Сирдарё вилояти ҳудудлар миқёсида энг юқори натижани қайд этган.
Иштирокчилар томонидан келгусида кенгаш фаолияти самарадорлигини янада оширишда эътибор қаратилиши ва ҳал этилиши лозим бўлган жиҳатларга ҳам алоҳида урғу берилди. Хусусан, кенгаш ўз фаолиятида нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари имкониятларидан унумли фойдаланиш орқали коррупцияга қарши курашиш жараёнига аҳолини кенг жалб этиш ишларини янада кучайтириши лозимлиги билдирилди.
Эшитув якунида Кенгаш аъзолари масъулиятини ошириш, шунингдек, қишлоқ хўжалиги тизимида коррупциянинг олдини олиш бўйича шу каби аниқ мақсад ва вазифалар белгилаб олинди.