Туркия Ўзбекистонга қишлоқ хўжалиги техникалари ва янги картошка навлари уруғларини топширди
Туркиянинг ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги (TIKA) Ўзбекистонда картошкачиликни яна-да ривожлантириш бўйича техник кўмак лойиҳаси доирасида мамлакатимизга қишлоқ хўжалиги техникаси ва картошканинг янги 5 та навини етказиб берди.
Тақдимотда TIKAнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Джемалиттин Туней иштирок этди.
Айтиш керакки, мазкур лойиҳа Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги ҳамкорлик доирасида ишлаб чиқилган.
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институтига қуйидагилар етказиб берилди:
картошка йиғиш машинаси,
картошка экиш машинаси,
картошка ўсимлиги атрофига тупроқ уйиш ва эгатларни юмшатиш машинаси,
ўғитлаш машинаси,
ёмғирлатиб озиқлантириш машиналари.
Институтга илмий мақсадларда “Leventbey”, “Onaran-2015”, “Nahita”, “Nigsah”, “Alegria” навларидаги картошка уруғлари тақдим қилинди. Улар институтнинг Тошкент, Андижон, Самарқанд ва Қашқадарё илмий-тажриба стансияларида замонавий технологиялар асосида ҳудудларнинг турли тупроқ-иқлим шароитларида синовдан ўтказилади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги